Ярашмоқ муносабатни яхшиламоқдир
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, амалиётга ярашув институтининг жорий этилиши натижасида минглаб фуқаролар “қамалган”, деган тамғадан асраб қолинди, минглаб оилалар ўртасида душманлик кайфияти пайдо бўлишига тўсиқ қўйилди.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг судьяси Азимжон Ҳакимов жиноят қонунчилигига ярашув институтининг жорий этилиши кутилган самарани бераётганини таъкидлаб, мисоллар ёрдамида сўзлаб берди.
– 2001 йил 29 августда “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖК 661-моддаси билан тўлдирилиб, жиноят қонунчилигига моддада санаб ўтилган жиноятлар учун жиноятларни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги тўғрисидаги қоида киритилди. Биринчи марта жиноят қонунчилигига ярашув институти жорий этилиб, бугунги кунгача такомиллаштирилган ҳолда амалиётда кенг қўлланилиб, ўзининг ижобий натижасини бериб келмоқда. Инсон билиб-билмай хатоликка йўл қўяди. Баъзида эса ўз ҳаракатини бошқара олмай ҳуқуқбузарлик содир этади. Мамлакатимизда жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан жиноят қонунчилигида ярашув институти жорий этилди. Натижада, жуда кўп ҳамюртларимиз раҳмдиллик ва кечиримлилик каби миллий қадриятларимизнинг қонунда ифодасини топганлиги туфайли “судланган” тамғасидан қутилмоқда.
Шу ўринда бир мисолни келтирсак. Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи И.К. ўтган йил 20 октябрь куни ўзига тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашинасини бошқариб бориб, белгиланган қоидага риоя қилмаган. Натижада, у йўл четидан иккинчи томонга ўтаётган пиёдани уриб юбориб тан жароҳати етказган. Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида пиёда оғир тан жароҳати олиб, шифохонага олиб борилган.
Дастлабки терговда гумонланувчи И.К. ва жабрланувчи Е.Ф. ариза билан мурожаат қилиб, жиноят ишини ярашганликлари муносабати билан тугатишни сўрашган.
Суд мажлисида гумон қилинувчи И.К. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини, жабрланувчи билан ўзаро ярашганини, Е.Ф.га етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаб берганини, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олган ҳолда ўзига нисбатан жиноят ишини ярашув асосида ҳаракатдан тугатишни сўради.
Жабрланувчи ҳам суд мажлисида И.К.га нисбатан ҳеч қандай даъво ва эътирозлари йўқлигини, у билан ярашиш тўғрисида ариза берганини, ўрталаридаги ярашув ихтиёрий эканини билдириб, суддан ярашувни тасдиқлашни ва жиноят ишини тугатишни сўради.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 66-1 моддасига мувофиқ, ЖКнинг 266-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашгани муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Суд мазкур жиноят ишини тарафлар ярашгани муносабати билан ҳаракатдан тугатиб, И.К.ни жавобгарликдан озод қилди.
Айтиш керакки, ярашув институтининг кенг қўлланилаётгани туфайли қанчадан қанча ҳамюртларимиз жазодан озод этилиб, оиласи бағрида ҳаёт кечирмоқда. Энг муҳими, улар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган адоватларга барҳам берилмоқда. Қонунимиздаги инсонпарварлик туфайли билиб-билмай хатоликка йўл қўйганлар ўзаро ярашиб муносабатларини яхшиламоқда, – дейди Азимжон Ҳакимов.
Моҳигул Қосимова ёзиб олди, ЎзА