Японияга 2.5 млн долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди (+видео)
Ўзбекистон экспортида ўсиш суръатлари давом этмоқда. Мисол учун, Японияга 2026 йилнинг 1-ярим йиллигида қиймати салкам 2.5 миллион долларга яқин мева-сабзавот экспорт қилинди. Кунчиқар юрт истеъмолчилари мамлакатимизда етиштирилган анор, полиз маҳсулотлари ва қуритилган меваларни афзал билишади.
Шарқий Осиёнинг энг ривожланган давлатларидан ҳисобланган Япония ҳудудида 14 мингдан зиёд орол мавжуд. Бироқ барчасида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имкони йўқ. Сабаби оролларнинг катта қисми тоғлар ва вулқонлардан иборат. Шунинг учун ҳам кунчиқар мамлакатда мева-сабзавотлар нисбатан қиммат ва асосан импорт қилинади.
- Бу ерда озиқ-овқат маҳсулотларига талаб жуда юқори, лекин биринчи навбатда сифат ва ишонч, -дейди Ўзбекистон-Япония савдо уйи директори ўринбосари
Миржалол Менгбоев. – Маҳсулот қандай тайёр бўлди? Қандай етиб келганини карантин хизматлари яхшилаб текширади. Текширувлар жуда кўп ва маҳсулотга қараб талаб ошиб бораверади. Ҳаммаси чиғириқдан ўтганидан кейин Япония бозорига кириб келади. Истеъмолчи ҳам карантин хизматларига ишонади. Шундаям қадоқда маҳсулот ҳақида кенг маълумотлар бўлиши керак.
Мазкур бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари импортига талаблар юқори. 2 йил аввал мамлакатимиз экспорт рўйхатида Япония 50 ўринни эгаллаган бўлса, жорий йилнинг 1-ярим йиллигида 2 карра юқорилаб, 24 поғонадан жой олди.
- 2026 йил биринчи ярим йилликда Ўзбекистондан Японияга 2.4 миллион АҚШ доллари қийматидаги мева-сабзавотлар экспорт қилинди, - дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мутахассиси Наргиза Муроджонова. – Экспорт қиймати 2025 йил мос даврига нисбатан 2.1 млн АҚШ долларига ошиб, 7.7 баробарни ташкил этди. Ушбу даврда 6та экспортчи корхонамиз Япония давлатига 8 турдаги маҳсулотни етказиб берган. Экспортнинг асосий қисмини мош маҳсулоти ташкил этиб, умумий экспортнинг 93 фоизини ташкил қилди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари секторида, Япония истеъмол бозорида Ўзбекистоннинг рақобатчилари ҳам кучли. Мисол учун, узум Чили, Австралия, АҚШ, майиз, Туркия, АҚШ, Хитой, анор эса Ветнам, Чили каби давлатлардан олиб келинади. Бу эса тадбиркорларимиз учун соғлом рақобат муҳити ва айнан шундай шароитда халқаро стандартларга мос маҳсулотларни етиштириш ва ишлаб чиқаришни талаб этади. Ушбу йўналишда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ўзбекистонлик экспортёрларга яқиндан кўмак кўрсатиб келинмоқда, натижада маҳсулотларимиз юқори даражадаги бозорларни ҳам забт этмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mbXbVD9qgPQ" title="Yaponiyaga 2.5 mln dollarlik meva-sabzavot eksport qilindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА