Японияда вулқон уйғонди
Япониянинг Кюсю оролида Сакурадзима вулқони якшанба куни оқшом пайти уйғонган, натижада ушбу ҳудудда хавфлилик даражаси энг юқори бешинчи босқичга чиқди, дейилади Япония бош метеорология агентлиги тарқатган хабарда.
Вулқон отилиши маҳаллий вақт билан соат 20:05 да бошланган, кул отилиши баландлиги 2,5 километргача етган.
Метеорологларнинг огоҳлантиришича, отилаётган йирик вулқон тошлари яқин масофада жойлашган Аримура ва Фурусато туманлари ва Кагосима шаҳрига хавф туғдириши мумкин.
Шу сабабли Кагосима шаҳрида хавфлилик даражаси энг юқори бешинчи босқичга чиққан. Бу ушбу ҳудуддаги аҳолини хавфсиз жойга кўчириш кераклигини билдиради.
Япония бош вазири Фумио Кисида вулқон таҳлили ва маълумотларни тўплаш бўйича зарур чораларни кўришга ҳамда одамларнинг ҳимоясини таъминлашга кўрсатма берди, дейилади хабарда.