Япония тажрибаси — Бухоро тараққиёти сари янги қадам
Дунёда тараққиётнинг янги қиёфаси шаклланмоқда. Бугун мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий манфаатлар, балки билим, технология, тажриба ва инсон капитали билан ўлчанмоқда. Айниқса, юксак технология, сифатли таълим ва самарали бошқарув маданиятига эга давлатлар билан узоқ муддатли ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳар қандай ҳудуднинг келажаги учун муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳам айнан шу мақсад — халқ фаровонлигини юксалтириш, иқтисодиётни модернизация қилиш, инсон капиталини ривожлантириш ва мамлакатни рақобатбардош давлатлар қаторига олиб чиқиш ғояси мужассам.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва нуфузли молиявий институтлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда Япония Ўзбекистоннинг ишончли ва стратегик ҳамкорларидан бири сифатида алоҳида ўрин тутади. Ана шу ҳамкорликнинг Бухоро вилоятидаги амалий ифодаларидан бири сифатида Ўзбекистон–Япония маркази Бухоро шаҳар ваколатхонасининг янги биноси фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур тадбирлар доирасида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги — JICAнинг Ўзбекистон Республикасидаги янги тайинланган ваколатхонаси раҳбари Мамору Сакай билан учрашди. Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва JICA ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган лойиҳалар натижалари ва истиқболдаги устувор йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Япониянинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги йиллар давомида амалий натижалар билан бойиб бормоқда. Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, замонавий технологияларни жорий этиш, мутахассислар салоҳиятини ошириш, таълим сифатини юксалтириш ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар бу ҳамкорликнинг салмоғини яққол кўрсатади. Учрашувда ана шу тажрибани Бухоро вилояти шароитида янада кенг қўллаш масаласига алоҳида урғу берилди. Зеро, бугун Бухоро нафақат бой тарих ва маданий мерос шаҳри, балки замонавий иқтисодиёт, туризм, таълим, саноат ва инновациялар ривожланаётган ҳудуд сифатида ҳам янги қиёфага эга бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, Япониянинг илғор тажрибаси ва бошқарув усулларини вилоятга татбиқ этиш катта имкониятлар эшигини очади.
Учрашувда инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт ва энергетика тармоқларини ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, инсон капиталига йўналтирилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш, ёшлар учун замонавий таълим имкониятларини кенгайтириш, уларни илғор касб ва технологияларга ўргатиш, тадбиркорлик субъектларига техник ҳамда экспертлик кўмагини кучайтириш борасида фикр алмашилди.
Бугун замонавий тараққиётнинг энг катта бойлиги табиий ресурслар эмас, балки билим ва малакали кадрлардир. Шу боис Япония билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш, илғор япон технологиялари ва бошқарув усулларини Бухоро вилоятига олиб кириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу айниқса, ёшлар учун янги имкониятларни англатади.
Янги билимларни эгаллаган, хорижий тажрибани ўрганган, замонавий технологияларни ўзлаштирган ёш мутахассислар эртанги Бухоронинг интеллектуал таянчига айланади. Демак, бугун қурилаётган таълим марказлари, ўқув дастурлари ва қўшма лойиҳалар — аслида келажакка киритилаётган энг қимматли инвестициядир.
Мулоқот давомида техник кўмак дастурларини кенгайтириш, мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, замонавий япон технологияларини жорий этиш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашувнинг энг муҳим натижаларидан бири эса белгиланган вазифаларни қоғозда қолдирмасдан, уларни аниқ натижага айлантиришга қаратилган келишув бўлди. Хусусан, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Бу ҳужжат икки томонлама ҳамкорликни тизимли ташкил этиш, ҳар бир лойиҳанинг муддати, вазифаси ва кутилаётган натижасини аниқ белгилаш имконини беради. Энг муҳими, ҳар бир келишувнинг якуний натижаси инсон ҳаётида сезилиши керак. Яъни янги иш ўринлари, сифатли таълим, замонавий инфратузилма, малакали кадрлар, янги технологиялар ва тадбиркорлар учун янада қулай имкониятлар — ҳамкорликнинг ҳақиқий мезони ана шулар бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири