Япония ўз тарихидаги энг катта бюджетни қабул қилди
Япония парламенти юқори палатаси 2026 йил учун рекорд даражадаги давлат бюджети — 122,3 триллион иена (664 млрд евро)ни қабул қилди. Бу мамлакат тарихидаги энг катта молиявий режа ҳисобланади. Экспертлар фикрича, бюджет ўлка бош вазири Санаэ Такаичининг иқтисодиётни фаол қўллаб-қувватлаш сиёсатига мос келади. Ҳужжат аввал қуйи палатада маъқулланган бўлса-да, юқори палатада кечикиб тасдиқланди.
Таъкидланишича, янги бюджетда ижтимоий соҳаларга алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, 39 триллион иена ижтимоий таъминотга ажратилган бўлиб, бу умумий харажатларнинг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади. Шунингдек, мактабларда бепул таълим ва овқатланиш учун қўшимча маблағлар ажратилган. Бу чоралар аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган.
Яна бир муҳим жиҳат, янги бюджетда мудофаа соҳасига 8,8 триллион иена ажратилган бўлиб, бунда ўтган йилга нисбатан ўсиш кузатилган. Ҳукумат буни миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш билан изоҳламоқда. Айниқса, халқаро вазиятдаги ноаниқликлар бу қарорга таъсир қилган.
Иқтисодчилар бу қадар катта харажатлар хавфли бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Япониянинг давлат қарзи аллақачон ЯИМнинг 250 фоизидан ошган. Шу сабабли янги бюджет катта қарз олишни талаб қилади. Шу билан бирга, нефть импортига боғлиқлик ва Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият ҳам мамлакат иқтисодиётига босим ўтказмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА