Япония мактаблари тажрибаси Ўзбекистон таълимига нима беради?
Яқинда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонаси ҳамкорлигида, Осиё унумдорлик ташкилоти (APO) молиявий кўмагида мамлакатимиз делегациясининг Японияга ўқув-амалий ташрифи ташкил этилди.
Беш нафардан иборат делегация таркибидан республика миқёсидаги танлов ғолиби - Тошкент шаҳридаги 324-сонли умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси, унинг ўқитувчиси, мактаб директори ва ота-онаси ўрин олди.
Мазкур ташриф жорий йилнинг январь-февраль ойларида вақт ва ресурслардан оқилона фойдаланиш мавзусида ўтказилган видеороликлар танловининг давоми бўлди. Унда мамлакатимиз мактабларидан минг нафардан зиёд ўқувчи иштирок этди. Танловнинг асосий мақсади ёшларда вақтни қадрлаш, ресурсларни тежаш ва атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни шакллантиришга қаратилди.
Сафар давомида делегация аъзолари Осиё унумдорлик ташкилоти, Япония унумдорлик маркази ҳамда Токио шаҳридаги мактаблар вакиллари билан учрашди. Мулоқотлар чоғида таълимда унумдорликни ошириш, вақтни самарали бошқариш, сув ва электр энергиясини тежаш бўйича Япония тажрибаси ўрганилди.
Япония мактабларида вақт ва ресурслардан самарали фойдаланиш, ўқувчиларда тежамкорлик ва масъулият маданиятини шакллантиришга қаратилган ёндашувлар билан танишиш делегация ташрифининг асосий йўналишларидан бири бўлди. Ўрганилган тажрибалар вақтни тўғри режалаштириш, кундалик вазифаларни масъулият билан бажариш ва умумий ресурсларни асраш каби одатларни мактаб давридан шакллантириш муҳимлигини кўрсатди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, эндиликда танлов ғолибаси таҳсил олаётган 324-сонли мактабда мазкур ёндашувларни синовдан ўтказиш режалаштирилмоқда. Бунда ўқувчиларнинг вақтни самарали ташкил этиши, сув ва электр энергиясидан тежамкор фойдаланиши, тартиб-интизом ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратилади. Синов натижалари баҳолангач, самарали усулларни бошқа таълим муассасаларида ҳам босқичма-босқич жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилади.
Умуман, “Унумдорлик мактабдан бошланади” ташаббуси ёш авлодни вақт ва ресурсларни қадрлаш, ўз меҳнатини тўғри ташкил этиш ҳамда ҳар бир ишни самарали бажаришга ўргатишни кўзда тутади. Япония тажрибасининг маҳаллий шароитда синовдан ўтказилиши ушбу мақсадларга эришиш йўлидаги муҳим амалий қадамдир.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА