Япония Иккинчи жаҳон урушидан кейинги илк марказлашган разведка хизматини яратмоқда
“The National Interest” хабар беришича, янги тузилма "Хитой, Шимолий Корея ва Россиядан тобора ортиб бораётган таҳдид" шароитида мамлакатнинг жосуслик, кибер ҳужум ва хорижий таъсирга қарши мудофаасини кучайтириш учун мўлжалланган.
Ислоҳот доирасида Миллий разведка кенгаши ва Миллий разведка бюроси яратилиб, йил охирига қадар фаолият бошлайди. Ушбу махсус хизмат илгари турли агентликлар ўртасида тақсимланган разведка маълумотини тўплаш ва таҳлил қилиш ишини бирлаштириб, тахминан 700 мутахассисни иш билан таъминлайди.
Нашр таъкидлашича, РФ разведка агентлигининг Япониядаги фаоллиги ортиши мазкур ислоҳотни бошлашга сабаб бўлган омиллардан биридир. Тузилма Ғарб разведка агентликлари услубида ишлайди, ички сиёсий полицияга эмас, балки хорижий разведка, ва кибер хавфсизликка эътибор қаратади.
С.Раҳимов, ЎзА