Япония делегацияси Самарқандда
Кейинги йилларда адлия тизимининг аҳоли билан мулоқоти тубдан ўзгарди, халқ билан яқиндан мулоқот қилишнинг янги, замонавий ва таъсирчан шакллари амалиётга татбиқ этилди.
Айниқса, ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини янада ошириш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш баробарида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ўзига хос концептуал йўналишига эга.
Япония Адлия вазирлигининг халқаро ҳамкорлик департаменти ҳамда тадқиқот ва тренинг институти директори Наито Синтаро бошчилигидаги делегация аъзолари ҳам Бош прокуратура академияси ходимлари билан айнан ҳуқуқий тарғибот соҳасида Самарқанд вилояти адлия бошқармаси тажрибаси, жумладан, мазкур йўналишда маҳаллабай асосида қилинаётган ишлар, эришилаётган натижалар кўлами билан танишиш мақсадида Самарқанд вилоят адлия бошқармасида бўлди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунни амалиётда татбиқ қилиш юзасидан махсус қўлланма тайёрлаш бўйича қилинаётган ишлар, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, тажриба алмашишга қаратилган тадбирларни йўлга қўйиш муҳокама марказида бўлди.
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев меҳмонларни бу борадаги ишлар кўлами, шунингдек, бошқарма фаолияти, хусусан, ҳуқуқий тарғибот, шу жумладан, жиноятчиликни олдини олиш борасида вилоят прокуратураси ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.
[gallery-8845]
— Бошқарма томонидан вилоятдаги 11 та давлат органи ва ташкилотлари билан йўл харита ишлаб чиқилган, — деди С.Нуриев. — Ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг амалга оширилишида асосан ёшлар ва иш билан банд бўлмаган фуқаролар қамраб олинишига эътибор қаратилган. Вилоятдаги 1126 та маҳалла 344 нафар адлия тизими ходимлари ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга бириктирилди. Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан берилган жиноят фабулалари асосида 266 та жиноят бўйича жойларда муҳокама-тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, сир сақланиши лозим бўлган жиноятлар юзасидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторлари билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган.
Очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтган учрашувда меҳмонлар уларни бошқарма томонидан маҳаллабай асосида амалга оширилаётган ҳуқуқий тарғибот ишлари жараёни, уларнинг амалиётга татбиқ этилиш механизми, самарадорлиги қизиқтираётганлигини маълум қилишди. Шундан сўнг маҳаллабай асосидаги тарғибот тадбирлари ҳақида тақдимот ўтказилди. Таъкидланишича, ўтган даврдаги 266 та жиноятнинг 93 таси фирибгарлик жинояти билан боғлиқ. Шу сабабли содир этилган жиноятлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда фирибгарлик жиноятлари юзасидан ҳам тарғибот тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунгача бошқарма томонидан қарийб 30 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди. Бунда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи фуқароларга ҳам ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга эътибор қаратилган. 1000 дан ортиқ маҳаллаларда 4300 нафардан зиёд (шундан 2 322 нафари хотин-қизлар) фуқаролар иштирокида тарғибот ишлари ўтказилиб, 3500 дан ортиқ ҳуқуқий тушунтириш берилди ва 798 та мурожаатлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Япония томони билан ҳамкорликда 2017 йилдан бери қатор тадбирларни амалга ошириб келмоқда. 2019 йилнинг 13 мартида икки давлат Адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган ва унга асосланиб Япония мутахассислари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат бўлган ишчи гуруҳ томонидан Қўлланмани ишлаб чиқиш бўйича ишлар бошланган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА