
Тошкент вилояти, Янгийўл туманидаги Қорасув дарёсида электр токи ёрдамида ноқонуний балиқ овлаган фуқаролар қўлга олинди.
Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асосида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси тезкор суриштирув ишларини олиб борди.
Бу юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилмоқда.
Ўрганишлар натижасида жорий йилнинг 15 июнь куни Янгийўл туманида яшовчи фуқаролар — 1991 йилда туғилган Х.С. ҳамда 1994 йилда туғилган А.Г. томонидан Қорасув дарёсида тақиқланган қурол — электр қармоғи ёрдамида кумуш товон балиқлари овлангани маълум бўлди.
Ноқонуний ов натижасида табиатга 150 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Экологик назорат инспекторлари томонидан жиноят содир этилган жойдан
резина қайиқ, экран, ток кучайтиргич, 4 метрли электр сими, аккумулятор ҳамда бир жуфт эшкаклар мусодара қилинган ва барча воситалар вақтинча сақлаш учун Тошкент вилояти Экология бошқармаси омборхонасига жойлаштирилган. Ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш ва қонун доирасида чора кўриш мақсадида йиғилган ҳужжатлар Тошкент вилояти прокуратурасига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, электр токи ёрдамида балиқ овлаш Ўзбекистон қонунчилигида қатъиян тақиқланган бўлиб, жонзотларга шафқатсиз муносабатда бўлиш, биологик ресурсларга зарар етказиш ва сув тизимларининг барқарорлигини бузишга олиб келади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/dCobsnP-UsA?si=yrxXjNoa72BQ7fsm" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
М.Эшмирзаева, ЎзА