Янгийўлда дарахт барглари экспорт қилинмоқда
Шартномаларга мувофиқ, жорий йилда 25 тоннага яқин маҳсулотни экспорт қилиш кўзда тутилган.
Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги "Омон лайк" масъулияти чекланган жамияти томонидан қуритилган мева-сабзавотлар билан бир қаторда, мевали дарахтларнинг баргларини ҳам хорижга экспорт қилиш йўлга қўйилган.
Корхонада нок, олма, шафтоли, тут, анжир, хурмо ва олхўри каби мевали дарахтларнинг барглари Германия давлатига экспорт қилиняпти. Жамият раҳбари Тойир Норматовнинг айтишича, мевали дарахт барглари, айниқса, нок ва олма дарахтининг баргларида йод моддаси кўпроқ, шунинг учун уларга бўлган талаб юқори. Масалан, ўтган йили 176 минг доллар миқдоридаги 10 тоннадан зиёд қуритилган мева-сабзавот ва барглар экспортга йўналтирилган.
Шартномаларга мувофиқ, жорий йилда 25 тоннага яқин маҳсулотни экспорт қилиш кўзда тутилган. Шу кунгача 10 тонна қуритилган мева-сабзавот ва 6 тонна барглар хорижга жўнатилди. Мавсумга қараб, экспорт қилинадиган мева-сабзавотларнинг турлари ўзгариб туради. Хусусан, ҳозир помидор, булғор қалампири ва майда узун қовоқчалар қуритилиб, қадоқланяпти. Кейин улар хорижга жўнатилади.
Шунингдек, ҳудуддаги аҳоли ҳам ўзлари етиштирган мева-сабзавотларни корхонага топширмоқда. Бу ерда улар қуритилиб, маълум ишлов берилгач қадоқланиб, Германия давлатига экспорт қилиняпти. Ҳозир корхонада 30 нафар аҳоли бандлиги таъминланган. Келгусида экспорт фаолиятини ривожлантириш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.

