Янгитдан барпо этилган боғча болажонлар ихтиёрида
Андижон вилояти Бўстон тумани Гулистон маҳалласида Инвестиция дастури доирасида янгитдан барпо этилган 16-давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев, туман ҳокими, сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёш авлод камолоти, уларнинг таълим-тарбияси борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Қурилиш, реконструкция ишлари “Соҳибқирон билдинг” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бажарилди. Қурилиш ва жиҳозлаш ишлари учун 2 миллиард 846 миллион сўм маблағ сарфланди.
[gallery-4836]
Икки қаватли, замонавий қиёфага эга, 120 ўринли ушбу муассасада болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Муассасада мусиқа, спорт, гимнастика, инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Мазкур мактабгача таълим ташкилотининг ишга тушиши билан ўнлаб янги иш ўрни яратилди.
– Айни кунда Бўстон туманида 27 та давлат, 5 та нодавлат, шунингдек, 52 та уй боғча фаолият кўрсатмоқда, – дейди Бўстон тумани мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Шоирахон Нурдинова. – Умуман, Бўстон туманида болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 95,7 фоизга етказилган.
Жорий йилда туманда яна 3 та болалар боғчаси ишга туширилиши кўзда тутилган.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА