Янгиободлик болажонларга байрам туҳфаси
Янги 2023 – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” эшик қоқиб турган шу кунларда Жиззах вилоятининг энг чекка ҳудуди Янгиобод туманидаги “Сармич” маҳалласида 60 ўринли янги давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев янги маскан – давлат мактабгача таълим ташкилотининг фойдаланишга топширилиши “Сармич”лик болажонлар учун энг яхши туҳфа бўлганини қайд этди.

– МТТда барча шароитлар яратилган, – дейди Жиззах вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Феруза Солиева. – Энг чекка қишлоқларимизда ҳам замон талабларига тўла жавоб бера оладиган мактабгача таълим ташкилотининг бунёд этилиши таълим-тарбия сифатига берилаётган эътибордан далолат.

ДМТТ иситиш, тоза ичимлик суви, электр энергияси билан таъминланган. Барча хоналар замонавий инвентарлар билан жиҳозланган. Жажжи болажонларга мўлжалланган эртак китоблари мўжазгина кутубхона жавонларини безаб турибди. Хавфсиз ва юмшоқ ўйинчоқлар эса болажонлар учун айни муддао.

Ушбу давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини бошлаши натижасида “Сармич” маҳалласидаги 20 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди.
А.Қаюмов, ЎзА