Янгиликлар солиқ тўловчиларга етказилмоқда
Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар ва янгиликларни солиқ тўловчиларга етказиш мақсадида Қашқадарё вилояти солиқ бошқармасида амалий семинар ташкил этилди.
Унда Солиқ қўмитаси ва вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Маълумки, тегишли қонун ҳужжатлари билан 2024 йил 24 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги, “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.
Мазкур қонун ҳужжатлари билан Солиқ кодексининг 37 та моддасига, шунингдек, Бюджет кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Айтиш жоизки, аҳоли ва тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар бериш, ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда инвестицион муҳитни яхшилаш мақсадида 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар ишга қабул қилинган камбағал оила аъзолари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланди.
Шунингдек, 2028 йил 1 январга қадар магистрал йўллар бўйида кўчма савдони ташкил қилган ёшлар фаолиятининг дастлабки 6 ойи давомида солиқларни тўлашдан озод этилди.
Бу каби берилаётган имтиёз ва енгилликлар юртимизда тадбиркорликнинг ривожланиши ҳамда қулай ишбилармонлик муҳити шаклланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
[gallery-21276]
– Солиқ тизимидаги янгиликлар бизни ҳеч қачон бефарқ қолдирмайди, – дейди семинар иштирокчиси Гулзода Шодмонова. – Сабаби янгиликлардан ўз вақтида хабардор бўлсак, фаолиятимизда бизга асқатади. Бугунги семинарда берилган маълумотлар ҳам бизнесимизни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Семинарда қонунчиликдаги янгиликлар солиқ тўловчиларга етказилиб, уларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари