Янгиланишлар оғушидаги қадимий Термиз
Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу жараённи Сурхондарё вилоятининг қадимий ва навқирон шаҳри Термиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Бугун Термиз замонавий меъморий иншоотлари, кўп қаватли турар жойлари, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, обод кўчалари ҳамда аҳоли учун яратилган қулай шароитлари билан тобора чирой очмоқда.
Шаҳарда олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари унинг меъморий қиёфасини ўзгартириш билан бирга, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Айниқса, кўчалар ва жамоат жойларини кўкаламзорлаштириш, манзарали дарахтлар экиш, гулзорлар барпо этиш, пиёдалар йўлаклари ҳамда дам олиш масканларини ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Замонавий меъморчилик ва яшил ҳудудлар уйғунлиги шаҳарга ўзгача кўрк бағишламоқда.
[gallery-31984]
Эътиборлиси, бу бунёдкорлик ишлари нафақат шаҳарнинг ташқи қиёфасида, балки аҳоли учун яратилаётган қулайликларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Шу билан бирга, барпо этилган яшил ҳудудларни асраб-авайлаш, дарахтларни парваришлаш ва атроф-муҳит озодалигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Бугун янгиланиб бораётган Термиз кўчалари, замонавий бинолари, обод хиёбонлари ва кўркам манзаралари шаҳарда кечаётган ўзгаришлардан далолат беради.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА