Янгиланиш, меҳр-оқибат айёми
Шу кунларда ажиб манзаралар билан табиат уйғонмоқда. Баҳор –янгиланиш, яшариш фасли. Ҳадемай, юртимизда Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланади. Қадим тарихга эга бу байрам халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналарини ўзида мужассам этади.
Наврўзни ўтмишдан Шарқ халқлари кенг нишонлаб, янгиланиш, покланиш, яшариш, юксалиш байрами сифатида шарафлаган. Маълумки, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида Наврўзга бағишланган кўплаб халқ қўшиқлари келтирилган. Наврўз байрами ҳақидаги маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома”сида, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур ва бошқа алломаларнинг асарларида учрайди.
Ўрта Осиё ҳудудида Наврўз байрами янги йилнинг бошланиши деб қувонч билан кутиб олинган. Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган. Бу байрам деҳқон, чўпон, ҳунарманд, қўйингки, ҳаммамизнинг ҳақиқий умумхалқ байрамимиз. Асрлар ўтиши билан турли халқларда Наврўз байрамини ўтказиш маросимлари уларнинг турмуш тарзига, мафкурасига мослашган.
Қадимдан наврўз киришидан бир неча кун илгари тайёргарлик ишлари бошланган. Буғдойни ундиришга қўйилган ва унинг майсасидан шоҳ таом – сумалак тайёрланган. Кўк чучвара, ялпиз сомса, ҳалим каби таомлар пиширилган. Отчопар, улоқ, кураш сингари халқ ўйинлари, сайиллар ўтказилган. Баҳор ҳақида қўшиқлар, бахшиларнинг терма, достонлари куйланган. Наврўзнинг биринчи куни қишлоқ жойларида болалар тўп-тўп бўлиб хонадонлар эшиги олдида Наврўзга бағишланган қўшиқ айтишган.
Хонадон эгаси уларни совға-салом ва егуликлар билан сийлаган. Бу удум ҳозир ҳам Самарканд ва Жиззах вилоятларининг айрим қишлоқларида сақланган.
Наврўз янги йил байрамигина бўлиб қолмай, меҳнат байрами ҳам ҳисобланган. Тарихда Наврўзга муносабат доимо бир хил бўлиб келмаган. Турли даврларда Наврўз байрамига у ё бу даражада аралашувлар бўлган. Масалан, Сосонийлар даврида Наврўзни ёзги тенгкунликда нишонлашни расм қилишган. Лекин халқ байрами сифатида у барибир баҳорда кутиб олинаверган, яъни, бу каби уринишлар самарасиз қолган.
Наврўзга энг қўпол тазйиқ эса шўролар даври сиёсати билан боғлиқ. Собиқ Иттифоқ даврида Наврўзни байрам сифатида нишонлаш тақиқлаб қўйилган. Асоссиз равишда Наврўз диний байрам ва маросимлар қаторида ман қилинди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, бошқа кадриятлар каторида Наврўз байрами яна тикланди, янгича мазмун ва моҳият кашф этди. Ҳар йили шу куни республиканинг барча вилоятларидаги хиёбон ва майдонларда байрам сайллари ташкил қилинади, концерт дастурлари, фольклор-этнографик жамоаларнинг турли ашула ва рақслари, шўх яллалар, полвону чавандозлар чиқиши янги-янги кўринишда нишонланади. Бир неча кун мобайнида маҳаллаларда Наврўзга бағишланган тадбирлар ўтказилади.
Наврўз кунлари ҳокимликлар, маҳаллаларнинг фаоллари, ташкилотлар томонидан меҳрибонлик уйлари болалари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ҳузурига ташриф буюриб, уларни қутлаб, совға-саломлар улашади.
2009 йилда Наврўз номоддий маданий мерос намануларидан бири сифатида ЮНЕСКО ташкилотининг рўйхатидан жой олган.
Бу йилги Наврўз айёми халқ ўйинлари, халқ оғзаки ижоди намуналари билан халқнинг чинакам жозибадор байрамига айланади. Зеро, бундай шодиёналар тинч, осойишта ва фаровон юртга ярашади.
Гулноза Бобоева, ЎзА