Муносабат
Сир эмаски, сўнгги йилларда барчамиз мамлакатимиз тараққиётининг мутлақо янги босқичида яшамоқдамиз. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан кейинги етти-саккиз йил давомида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар орасида энергетика соҳасини модернизация қилиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш энг стратегик масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Президентимизнинг 5 декабрь куни янги энергетика қувватлари ва инфратузилма объектларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларининг қурилишини бошлашга бағишланган тантанали маросимдаги нутқи нафақат энергетика тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таҳлили, балки мамлакатнинг истиқболдаги йўлини белгилаб берган муҳим дастуриламал маъруза сифатида ҳам катта аҳамият касб этади.

Қолаверса, маърузада қайд этилган фикрлар нафақат энергетик стратегия, балки иқтисодий мустақиллик, экологик барқарорлик, инвестицион жозибадорлик ва инсон капитали ривожи билан узвий боғлиқ миллий дастур ҳамдир.
Сабаби, бугунги глобал иқтисодиётда энергия ресурслари иқтисодий ўсишнинг бош омилларидан бирига айланган. Президентимиз қайд этганидек, мамлакат иқтисодиётидаги ўсиш суръатлари, аҳоли сони ва талабининг ортиб бориши энергетик таъминотни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни тақозо этмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда энергетика тизимига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди ва 9 минг мегаватт янги қувватлар ишга туширилди. Натижада электр ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан жорий йилда 85 миллиард киловатт-соатга етди. Эътиборли жиҳати, салкам 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол, 400 мегаваттли гидроэлектр станциялари ишга туширилди. Жами генерация қувватларида “яшил” энергиянинг улуши бу йил 30 фоизга етказилади.
Дунёдаги тенденцияларга кўра, 2050 йилга қадар энергетика соҳасида “яшил” манбалар улуши сезиларли даражада ортиши кутилмоқда. Ўзбекистон бу жараёнда ортда қолмасдан, аксинча, минтақада етакчи позицияни эгаллашни мақсад қилмоқда. 2030 йилгача 17 минг мегаватт қўшимча “яшил” энергия қувватларини ишга тушириш режаси улкан сиёсий ирода, узоқни кўра билиш ва халқаро шерикликка асосланган стратегия эканинидан далолатдир.
Янги энергетик сиёсатнинг муҳим жиҳати – ушбу соҳада давлатнинг ўрни билан бир қаторда хусусий сектор улушининг ошиб боришидир. Президент томонидан келтирилган рақамлар шундан далолат берадики, Ўзбекистонда энергетика бозори тўлақонли трансформация босқичига кирган. Хусусан, Туркиянинг “Aksa Electric” компанияси Самарқанд электр тармоқларини хусусий бошқарувга олиши аввал таҳлил қилинмаган йўл саналади. Бу модел орқали йўқотишларни икки баробар камайтириш, ҳар йили 20 миллион доллар иқтисод қилиш имконияти яратилади. Келгуси йилларда Жиззах, Сирдарё, 2027 йилда эса Наманган ва Тошкент вилояти тармоқларига ҳам шундай механизм татбиқ этилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, келгуси йилдан Хитой тажрибаси асосида 300 та маҳалла ҳудудида аҳоли билан кооперация орқали 107 мегаваттли қуёш станциялари ўрнатилади. Бу ижтимоий лойиҳа кенг жорий этилиб, 30 мингта камбағал оилага “яшил” энергия кириб боради. Улар ўз эҳтиёжидан ортиқча электр энергиясини тармоққа узатиб, даромад топади.
Бу – энергия соҳасида аҳолининг тўғридан-тўғри иштирокини таъминлайдиган, ижтимоий адолат ва иқтисодий имкониятларни бирлаштирадиган янги инновацион ёндашувдир. Бир томондан, камбағалликни қисқартириш, иккинчи томондан, энергия истеъмолини оптималлаштиришга хизмат қилади.
Умуман олганда, энергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар нафақат бугунги кун эҳтиёжларини қондирмоқда, балки келажак авлодлар учун юқори технологик имкониятлар, экологик соф муҳит ва барқарор иқтисодий тизим муҳитини яратиб бермоқда.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА