Янгиланаётган Конституцияда – суд
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил орган сифатида
Қонун устуворлигини таъминлаш ҳар қандай замонавий демократик давлатнинг асоси ҳисобланади. Сир эмаски, айнан Конституцияда белгиланган устувор қоидалар асосида мамлакатда жамият, унинг сиёсий институтлари ва иқтисодиёт тўлиқ ривожланади.
Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга қаратилган жиддий ўзгаришлар амалга оширилди. Мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида белгиланди. Бу эса, барқарорлик, халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда.
Охирги йилларда суд тизимини, суд ишларини ташкил этишга оид ижобий ўзгаришларни эътироф этиш мақсадга мувофиқ. Албатта, ҳар қандай мамлакатда бўлгани сингари ўз ечимини кутиб турган масалалар мавжуд. Шу боис, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида энг аввало, суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгиланди.
Эндиликда Конституциявий суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларини кўриб чиқади
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддасига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқилишини белгилаш назарда тутилмоқда.
Бу нима дегани?
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жисмоний ва юридик шахслар Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга эмаслигига қарамасдан сўнгги йилларда улар томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Жумладан, 2013-2018 йилларда Конституциявий судга жисмоний ва юридик шахслардан жами 2 минг 650 та мурожаат келиб тушган.
Бу эса, жисмоний ва юридик шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатлари устидан конституциявий назоратни амалга оширишда иштирок этишга бўлган талаб ва эҳтиёж юқори эканлигини кўрсатмоқда.
Айни пайтда, хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аксарият давлатларда, хусусан, Франция, Япония, Чехия, Сербия, Венгрия, Польша, Латвия, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларда жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларининг конституцияга мослигини аниқлаш ҳамда конституция ва қонун нормаларига шарҳ олиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга.
Судьялар корпусини шакллантириш алоҳида орган томонидан амалга оширилади
Номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.
Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамияти органи сифатида суд ҳокимиятининг мустақиллиги ҳақидаги конституциявий принципга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашмоқда.
Судьялар олий кенгаши унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномасига биноан Сенат томонидан тасдиқланадиган Кенгаш раиси ва кўпчиликни ташкил этувчи судьялар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги малакали мутахассислардан иборат бўлди.
Судьялар олий кенгашига судьялик лавозимларига малакали мутахассислар орасидан очиқ ва шаффоф танлов асосида судьялар корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлиги бузилишини ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, номзодлар ва судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш вазифалари юклатилган.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 111-моддасига “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органидир” деган конституциявий норма киритилмоқда.
Бу билан судьялардан иборат суд корпусини шакллантириш, хусусан номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш масаласи конституциявий даражада белгиланади.
Валишер ДАВЛЯТОВ,
Тошкент давлат юридик университети Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура кафедраси
мудири, PhD.
ЎзА