
Маълумки, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилади.
Мазкур сиёсий жараён бугунги кунда нафақат юртдошларимизнинг, балки жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида эканлигини алоҳида таъкидлашимиз зарур. Халқимиздан тушган таклифлар асосида тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳаси Янги Ўзбекистонни қуриш, мамлакатимизда инсон қадрини янада юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.
2022 йилнинг 30 июнь куни Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали байрам тадбирида давлатимиз раҳбари биз ёшларга қарата: «Албатта, янгиланаётган Конституция, бу – Сизларнинг Конституциянгиз!», дея Янги Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устувор аҳамият касб этиши ҳақида таъкидлаган эдилар.
Янгиланаётган Конституциямизда халқимизнинг 60%дан ортиғини ташкил қилувчи ёшларга берилаётган эътиборни алоҳида таъкидлашимиз зарур. Ёшларнинг таълим олиши, уй-жойли бўлиши, тиббий ва ижтимоий ҳимояси, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш давлатнинг конституциявий мажбурияти экани белгиланмоқда. Қувонарлиси шундаки, Бош қомусимизда ёшлар учун алоҳида боб ажратилган.
Мазкур бобда давлатнинг мажбурияти сифатида ёшларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароитлар яратиш бўлса, ота-оналарнинг мажбурияти сифатида эса фарзандлари вояга етгунига қадар нафақат боқиш ва тарбиялаш, балки уларнинг таълим олиши, соғлом ва ҳар томонлама камол топиши учун ғамхўрлик қилиши белгиланмоқда. Бу эса ўз навбатида ёш авлод ҳаётини яхшилаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш ҳамда ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун имконият яратади.
Бундан ташқари, мазкур конституциявий қонун лойиҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда. Инсон ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун муносиб ва етарли бўлиши кераклиги қайд этилган. Албатта, ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади.
Халқимизнинг, эксперт ва мутахассисларнинг таклифлари, халқаро ва хорижий давлатларнинг тажрибаси инобатга олинган ҳолда тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳаси халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Дилмурод Дилмуродов, Жавоҳир Имамов,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари