Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида барпо этилаётган “Янги авлод” махсус саноат зонасида бўлди.
Мамлакатимизда саноат ва тадбиркорлик ривожлангани сари қўшимча шароитларга эҳтиёж туғилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 мартдаги қарори билан ташкил этилган мазкур саноат зонаси яна кўплаб корхоналарга жой бўлади.
Ҳудуд иқтисодиётида катта ўринга эга бўлиши кутилаётган мажмуа майдони 764 гектар. Айни пайтда инфратузилма тармоқлари барпо этилмоқда. Бу ерда озиқ-овқат, қурилиш материаллари, электротехника, машинасозлик ва кимё саноати каби йўналишларда 1 миллиард 375 миллион долларлик 47 та лойиҳа жойлаштирилади. Уларда 12 мингтага яқин янги иш ўрини яратилади.
Президентимиз таъкидлаганидхек, корхоналарда халқаро брендлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Хусусан, “DP World”, “JAC Motors”, “Krantas”, “Аcес Japan”, “East can solutions”, “EAS” ва “Evyap” каби нуфузли компаниялар ҳамкорлигида қўшилган қийматли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Давлатимиз раҳбарига шундай лойиҳалардан айримлари тақдимот қилинди.
Хусусан, Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси билан саноат зонасини бошқариш, инвесторларни жалб қилиш ва инфратузилма объектларини барпо қилиш кўзда тутилган. “JAC Motors” компанияси тижорат автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. 135 миллион долларлик бу лойиҳа натижасида 2 мингта янги иш ўрни яратилади. Япониянинг “Аcес Japan” компанияси билан ҳамкорликда 9 миллион долларлик офис учун ўриндиқ ва мебеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, яна 100 кишининг бандлиги таъминланади.
Бирлашган Араб Амирлигининг “DP World” компанияси билан эса транспорт-логистика марказини ташкил этиш бўйича ишлар бошланган.
Ҳудудда лаборатория, тадқиқотлар маркази, конференция заллари ҳамда савдо зонаси ташкил этилади. Шунингдек, дуал таълим йўлга қўйилиб, саноат корхоналари учун керакли мутахассислар шу ернинг ўзида тайёрланади.
- Охирги йилларда ялпи ички маҳсулотимиз икки баробар ўсиб, бу йил 110 миллиард долларга етаяпти. Энди буни 200 миллиард долларга етказишга марра олдик. Инвесторларнинг лойиҳалари учун барча шароитларни яратиб бермасак, бу кўрсаткичга етолмаймиз. Тошкент шаҳри бунда ҳам намуна бўлиши керак, - деди Президент.
Мутасаддиларга лойиҳаларда маҳаллийлаштириш ва рақамлаштириш, энергия тежамкорликка аҳамият қаратиш бўйича кўрсатмалар берилди.