Янгиерда "Янги Ўзбекистон"массиви қад ростламоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги "Янги Ўзбекистон" массивини қуриш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида 2022-2024 йилларда Янгиер шаҳрида жами 16 гектар ер майдонида "Янги Ўзбекистон" массиви барпо этилиши белгиланган.
Шу асосда Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар, Жомий МФЙ ҳудудида қурилиши режалаштирилган кўп қаватли турар-жой биноларини қуриш ишлари давом этмоқда.
Массивда ташаббускор тадбиркорлар томонидан банк кредит маблағларини жалб қилган ҳолда 50 та 1000 хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган.

Биринчи босқичда жорий йилда 20 та 5 қаватли 400 хонадонли турар жой биноси билан бирга, 25 ўринли меҳмонхона, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, маҳалла маркази, экобозор, коворкинг марказлари қурилади.
Танланган ер участкалари онлайн аукцион савдо платформасида пудратчи ташкилотлар томонидан харид қилиниб, бугунги кунда ушбу объектда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ушбу уй-жойларни олиш учун шаҳарда 1 700 та оила рўйхати шакллантирилган. Дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ажратиш бўйича 2022 йилда 150 та хонадонга жами 16,4 млрд. сўм миқдорида ажратилади.

Мазкур уй-жойларга тортиладиган ташқи коммуникация тармоқларидан 0,7 км. йўл қурилиши, 3,5 км. ичимлик сув ва 2,8 км. оқова сув, 4 км электр, 5 км газ тармоқларини тортиш учун лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилган.
Маълумот беришларича, жорий йилда ушбу уйларнинг 16 тасини (80%) 1-ноябргача, 4 тасини (20%) 31 декабргача фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Бундан ташқари 2023 йилда 1 та 990 ўринли умумтаълим мактаби, 100 қатновга мўлжалланган поликлиника, 180 ўринли болалар боғчаси каби ижтимоий объектлар қурилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда массивда 13 та пудратчи ташкилот қурилиш ишларини олиб бормоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА