Янгиерда биотехнологик мажмуа барпо этилади
Сирдарё вилояти ҳокими, сенатор Акмалжон Маҳмудалиев Россиянинг “IMPACT-BIO” компанияси асосчиси Андрей Кирик ва компания директори Иван Савинцевни қабул қилди.
Мулоқотда жорий йилнинг 4-5 октябрь кунлари Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон – Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликнинг III форуми” доирасида эришилган дастлабки келишувлар муҳокама қилинди. Компания вакиллари Янгиер шаҳар эркин саноат зонаси ҳудудида қиймати 20 миллион АҚШ доллар бўлган оқсилли озуқа, озиқ-овқат қўшимчалари ва биополимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш устида иш олиб борилаётгани хусусида тўхталиб ўтди. Агар зарурий шароитлар яратилса, мазкур лойиҳани амалга оширишга тайёр эканликларини маълум қилди.


Вилоят ҳокими россиялик ҳамкорлар томонидан билдирилган таклифни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди. Учрашувда биотехнологик мажмуа лойиҳаси ва келгусида эришиладиган натижалар ҳақидаги тақдимот намойиш этилди. Якунда бу борада биргаликда олиб бориладиган саъй-ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга ҳам келишиб олинди ва ўзаро меморандум имзоланди.
Ш.Суяров,
ЎзА.