Янгиер шаҳрининг обод маҳалласи
Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри кундан-кунга чирой очиб, обод бўлмоқда. Буни "Обод маҳалла" дастури асосида "Шодиёна" маҳалласида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ижтимоий соҳа инфратузилмаси ва ички йўлларни яхшилаш, пиёдалар йўлакларини қуриш, ичимлик суви, газ ва электр таъминотини янада яхшилаш борасидаги ишлардан аҳоли жуда мамнун.

Хусусан, 2 километр масофадаги ички йўллар сифатли таъмирланиб, 1070 метр масофада пиёдалар йўлаги қурилди. Бунинг учун 333 миллион сўм маблағ сарфланди. Ичимлик сув муаммосини ҳал этиш учун бир дона 25 кубометр сиғимли сув минораси, сувни зарарсизлантириш ва сув ҳисоблагич ускуналарини ўрнатиш, ичимлик суви қудуғини тозалаш, сув тортиш учун насос жамланмаси ўрнатиш учун жами 345 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу ишларни “Янгиер қурилиш" МЧЖ қурувчилари амалга оширди.

"Мажнунтол", "Даштобод" ва "Нарвон"кўчаларида салкам 3 километр масофадаги газ қувурлари, устунлари тартибга келтирилиб бўёқланди. Бундан ташқари, маҳалладаги 10-умумий ўрта таълим мактабида ҳам реконструкция ишлари амалга оширилди. Бунинг учун мазкур билим даргоҳида қўшимча бинолар қурилди. Ушбу бунёдкорлик ишларига 649 миллион сўм маблағ ажратилди.

– Маҳалламизга келган кишининг обод ва кўркам турар-жойлар, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш муассасаларини кўриб кўзи қувнайди, – дейди "Шодиёна" МФЙ раиси Э. Йўлдошев. – Яна бир муҳим жиҳати маҳалла аҳолиси ўзгаришларга мос равишда ўз уй-жойларини саранжом-саришта, озода ва кўркам тутишга ҳаракат қилмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА.