Янгиер шаҳрида дарахтларга яхоб суви берилмоқда
Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри кўҳна Мирзачўл бағрида барпо бўлган энг хушманзара масканлар сирасига киради. Бир пайтлар Янгиер шаҳри ўзининг индустриал салоҳияти, хушманзара ва яшиллиги билан ўзига хос эди.

– Шаҳарни аввалги яшил маскан ҳолатини тиклаш учун давлатимиз раҳбарининг "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси айни муддао бўлди, – дейди Янгиер шаҳар ҳокими Отабек Носиров. – Шаҳарнинг барча ҳудуд ва маҳаллаларида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтган йили куз фаслида 45 500 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган эди. Баҳорда лойиҳа бўйича ишлар давом эттирилиб, яна 44 000 туп манзарали ва мевали кўчатлар экишни режалаштирганмиз.
Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ишчилари айни пайтларда шаҳардаги мавжуд дов-дарахт ва ниҳолларга яхоб суви бериш билан машғулдир.

– Яхоб суви экин майдонида нам захирасини ҳосил қилиш ва экинлар униб чиқиши ва ривожланиши учун шароит яратиб, шу билан бирга тупроқдаги тузларни ҳам ювади. – дейди Янгиер шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси агрономи Шохруҳ Холматов. – Яхоб суви берилганда ернинг музлаши ҳисобига ўсимликларда касаллик ва зараркунандалар, касаллик чақирувчи зарарли замбуруғлар нобуд бўлади. Яхоб суви бериш дарахт танасида қишлайдиган зараркунанда ва замбуруғларнинг йўқ бўлишига, касалликка чидамлиликни оширишда, ёзнинг чилласида тез чанқаб қолмаслигида муҳим аҳамиятга эга.
Шуҳрат Суяров, ЎзА