Янги журналнинг илк сони нашрдан чиқди
Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали муассислигида “Мусиқа ва санъат ахборотномаси” илмий-методик журналининг илк сони нашр этилди.
Журналнинг тақдимот маросимида таниқли олимлар, ёзувчи-шоирлар, олий ўқув юртлари мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда талабалар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда илм-фан аҳли, хусусан, ёш олимлар, тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг изланиши учун зарур шароит ва имкониятларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги журналнинг чоп этилиши Оролбўйида маданият ва санъат соҳасининг илмий салоҳиятини янада оширишга, санъатшунос олимларнинг ва ёш тадқиқотчиларнинг илмий тадқиқот ишлари ҳамда фандаги илғор тажрибага асосланган инновацион лойиҳаларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йилда фаолиятини бошлаган Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали қисқа вақт ичида Оролбўйида ўз ўрнига эга олий таълим муассасаларидан бирига айланди. Бугунги кунда филиалда 100 нафардан зиёд ёшлар мусиқа санъатининг турли йўналишларида таҳсил олмоқда. Филиал жамоаси ва қобилиятли талаба ёшлар республика, шунингдек, халқаро кўрик-танловларда юксак натижаларни қўлга киритмоқда.
[gallery-10633]
– “Мусиқа ва санъат ахборотномаси” илмий-методик журнали жамоамизнинг саъй-ҳаракати маҳсулидир, – дейди бош муҳаррир, филиал директори Р.Алланбаев. –Ўтган йили асос солинган журнал Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан рўйхатга олинди. Журнал қорақалпоқ, ўзбек, рус ва инглиз тилларида йилига икки марта чоп этилади. Илк сони “Farma print Nukus” босмахонасида 200 нусхада босилди.
Журналда мусиқа, маданият ва санъат соҳасининг арбоблари ва мутахассисларининг фикрлари, ижтимоий-сиёсий йўналишда изланаётган тадқиқотчилар, ёшларнинг мақолалари, тадқиқотлари чоп этилган.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА