Янги йилни кутган болалар...
Гулираъно тонггача сурат чизди. У барча орзуларини суратда намоён этишга уринди.Чизган суратида деярли ҳамма ранглардан фойдаланди. Ҳа, у ҳаётга ташна эди. Ҳаётни ёрқин рангларда тасаввур этар эди. Онасининг сўзларига кўра, Гулираъно суратни тамомлаб, секин стол устига қўйган ва ухлашга ётган. Ўша куни эндигина 6 ёшга тўлган жажжи қизалоқ қайтиб ўйғонмади. Шафқатсиз дард бу гўдакни орамиздан олиб кетди. Гулираънонинг онаси қайғу ва изтироб билан қизининг янги йил байрамини интизор бўлиб кутганлигини, ҳатто байрамда кийиш учун янги кўйлак харид қилдирганини сўзлаб берди...
Яна бир суратнинг эгаси Қудратилла ҳозир шифохонанинг жонлантириш бўлимида. Шифокорлар боланинг аҳволи оғир эканини айтишган. Қудратилла эндигина 4 ёшга қадам қўйди. Унинг онаси фарзандининг чизган суратини ёлғиз ўзи кўтариб келди. Чунки бу фарзандининг илтимоси эди. Эҳтимол, тадбир иштирокчилари Қудратилла чизган тасвирларни англамагандир. Болакай онасига агар соғайиб чиқса, дадасига олиб беришни ният қилган машина расмини чизганини айтган...
Оққонга чалинган болалар афсуски оз эмас. Йилига 300 минг болага шу касаллик ташхиси қўйилса, 100 минг бола ҳаётдан кўз юмади. Бу дард узоқ даволанишни ва катта маблағни талаб қилади. Аммо болалар руҳияти жуда нозик, қалби самимий, бардоши эса кези келса, ёши катталарга ҳам ўрнак қиладиган даражада кучли. Бемор болалар хаста вужуди билан катта орзуларга интилади, соғайишга умид қилишади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан “Сен кучлисан” шиори остида оққонга чалинган болалар муаллифлигида яратилган асарлар кимошди савдоси ташкил этилди. Қайд этилишича, тақдим этилган ва ким ошди савдоларига қўйилган суратлардан тушган пуллар болаларни моддий ва маънавий қўллаб- қувватлашга сарфланади.
Оғир дард билан курашиб келаётган болажонлар ва уларнинг яқинларига кўмак бериш мақсадида ташкил қилган мазкур акцияда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган бемор болалар ва уларнинг оналари иштирок этди. Болалар томонидан яратилган суратлар намойиш этилди.
– Бемор болаларнинг ўз қўллари билан яратган буюмлари, чизган расмларини томоша қилиш она сифатида юрагимни қалқитиб юборди дейди, – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот раҳбари Назокат Абдуқундузова. – Биласизми, аслида касалликка чалинган боладан ҳам, кундан-кун сўлиб бораётган мурғаккина фарзандига термулиб вақт санаётган оналарга оғир. Бугун ҳар бир онанинг кўзларида чексиз изтиробни кўрдим. Қанийди, бизнинг ҳаракатларимиз шу болажонларнинг бирор орзусини ушалишига озгина ҳисса қўшса. Истардимки, улар бизнинг меҳримизни ҳис қилишсин. Ҳаётга умид кўзлари билан боқишсин.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, 2020-2024 йилларда гематология соҳасини ривожлантириш учун 546 миллиард сўмдан зиёд ва қарийб 71 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Бу маблағлар ҳисобидан шифохоналар дори воситалари, тиббий буюмлар, реактив ва реагентлар билан таъминланмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА