Янги йилдан тиббиёт соҳасида нималар ўзгаради?
Бу йил 1 январдан болалар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун «тиббиёт бригадалари» таркибига қўшимча 4 900 та ўрта тиббиёт ходими (педиатрия ҳамшираси ва доя) штати ажратилади.
«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача (1,5 млн.дан 4,5 млн сўмгача) оширилади.
Шунингдек, кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш имконияти яратилади.
Шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш, давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиши мумкин бўлади.
Доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-ука ва опа-сингиллари, турмуш ўртоғининг ота-оналари) стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади.
Донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 фоизи (27 минг 600 сўм) белгиланади.
Иммун донорларга ўтказилган иммунизация ва топширилган плазмаси учун ҳақ тўлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори оширилиши даражаси доирасида мутаносиб равишда индексация қилиб борилади.
Шошилинч ҳолатларда донор қонининг таркибий қисмларини ташиш учун тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишга рухсат берилади.
ЎзА