Янги хонадонлар аҳолига адолат билан тақсимланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятида сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудларда барпо этиладиган турар жойларни шаффоф, адолатли ва қонун талабларига мувофиқ ўз эгаларига топшириш юзасидан берган топшириғига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Республика ишчи гуруҳи тузилган эди.
Мазкур топшириқ ижроси ҳолатини ўрганиш, Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида аҳолини уй-жой билан таъминлаш, ҳудудда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.
Мирзаобод туманидаги “Ҳақиқат” маҳалла фуқаролар йиғинида қуриб битказилган касб-ҳунарга ўқитиш масканида маҳаллий ёшларни сартарошлик, тикувчилик, ахборот технологиялари ва бошқа соҳалар бўйича ўқитиш учун шарт-шароит яратилган.
Маҳалла фаоллари билан учрашувда туманда аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар учун яратилган қулайликлар хусусида маълумот берилди.
Гулистон шаҳрида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Оқолтин, ва Сардоба туманларида янги қурилган кўп квартирали уйлардан фойдаланиш ҳамда уларни доим соз ҳолатда сақлаш, иш ўринлари яратиш юзасидан аҳоли ўртасида ташвиқот ва тарғибот тадбирлари тизимли ташкил этилишини таъминлаш бўйича тузилган Республика ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда янги қурилган хонадонларни адолат билан тақсимлаш, ижтимоий объектларни ўз вақтида топшириш, аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Техноген офат пандемия даврига тўғри келганига қарамай, қисқа вақтда Сардоба туманининг Дўстлик, Мирзаобод туманининг Янги Ўзбекистон ва Навбаҳор маҳаллаларида жами 2 минг 640 та хонадондан иборат кўп қаватли турар жойлар қурилди.
Йиғилишда мазкур турар жойларни бошпанасини йўқотган оилаларга адолат билан тақсимлаш, ҳар бир уй ҳақиқий эгасини топиши зарурлиги таъкидланди. Ушбу мавзеларда коммуникация тармоқлари, маҳалла гузари, болалар майдончалари қуриш, ҳудудни ободонлаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, хонадонлар тошқиндан жабрланган оилаларга тайёр ҳолда, бепул топширилган. Йиғилишда мутасаддилар депутатлар ва ОАВ вакилларининг бу борадаги саволларига атрофлича жавоб берди.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА