Янги уйларга яхши ниятлар билан
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги байрами арафасида Бухоро горнизонидаги куч тузилмаларда хизмат қилаётган 70 нафар ҳарбий хизматчига янги уй-жойлар берилди.
Бухоро шаҳрининг Амир Темур мавзесида ҳарбий хизматчилар учун “Construction inwestmen” қурилиш-пудрат корхонаси бинокорлари томонидан барпо этилган кенг ва ёруғ, барча зарур шароитлар яратилган хонадонлар калити ўз эгаларига топширилди.

Тантанали маросимда 28 нафар ҳарбий хизматчига уч хонали, 42 нафар ҳарбий хизматчига эса икки хонали хонадонлар калитлари топширилди. Бундан ташқари, Қуролли Кучлар тизимида хизмат қилиб, айни дамда резервда бўлган саккиз нафар ҳарбий хизматчи ҳам эндиликда ўз хонадонига эга бўлди.
Тадбир давомида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округида хизмат бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари яратилаётган кенг имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди.

Шундан сўнг, рамзий лента қирқилиб иштирокчилар замонавий турар жойларда яратилган шароит билан танишди.
Пишиқ ғиштдан барпо қилинган 9 қаватли муҳташам турар жой ҳар бири стандарт ҳажмда 60 ва 70 квадрат метрдан иборат бўлган 2 ва 3 хонали, 50 та хонадонни ўз ичига олган. “Ўзшаҳарқурилишинвест” давлат унитар корхонаси буюртмаси асосида барпо этилган мазкур иншоот умумий қийматининг 25 фоизи, яъни 4 миллиард 269 миллион сўм маблағ Мудофаа вазирлиги томонидан қоплаб берилгани ҳарбийлар ва уларнинг оилалари учун катта имтиёз бўлди.

Муҳими, ҳарбийлар уйида барча шароит яратилган. Қулайлиги узоқ йилга ипотека кредити асосида расмийлаштириб берилган бу турар жой учун ҳарбийлар ҳисобидан ойига тўланадиган бадал миқдори 1 миллион сўмга ҳам етмайди.
Зариф Комилов, ЎзА