Янги Тошкентни кўкаламзорлаштириш ва яшил ҳудудларни ташкил этишда тадбиркорларга янги енгилликлар берилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилмоқда.
Янги Тошкент ҳақиқий “яшил шаҳар” бўлиши шартлиги яна бир бор таъкидланди.
Бу ерда қуриладиган объектларга “яшил бино” стандартлари қўлланмоқда. Шу билан бирга, сертификат олиш тадбиркорлар учун қўшимча харажат экани инобатга олинди.
Қиймати 50 миллион доллардан юқори бўлган нотурар жой лойиҳалари учун “яшил” сертификат харажатлари давлат томонидан тўлиқ қопланади. Инвестор сотиб олган ҳар бир ер майдонининг 30 фоизини яшил ҳудудга айлантириш талаби ҳам Янги Тошкентдаги лойиҳаларга қўлланмайди. Шаҳарнинг 30 фоизини кўкаламзорлаштириш бош режа асосида давлат томонидан таъминланади.
Йирик сармоядорлар билан ишлашда ҳам янги ёндашув жорий этилади. Қиймати 50 миллион доллардан юқори ҳар бир лойиҳага масъул бириктирилади. У инвесторга объект ишга тушгунига қадар ҳамроҳлик қилиб, юзага келадиган масалаларни ҳал этишга кўмаклашади.
“50 миллион доллардан юқори ҳар бир лойиҳага – битта инвестиция битими” тамойили амал қилади. Битимда инвесторнинг мажбуриятлари ва таваккалчилиги ҳисобга олиниб, унга мос имтиёзлар пакети белгиланади.
ЎзА