Янги Тошкентдаги лойиҳаларда ЎзЛиДеПнинг вазифалари
Янги Тошкентни бунёд этиш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг иштироки муҳим ўрин тутади. Шу боис, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини рўёбга чиқариш алоҳида аҳамиятга эга.
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида бўлиб ўтган Янги Тошкентни замонавий бизнес ва инновациялар марказига айлантириш жараёнида тадбиркорлар ва инвесторларни қўллаб-қувватлаш, партиянинг ушбу йўналишдаги иштирокини кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилишда айни жиҳатлар муҳокама қилинди.
Жумладан, йиғилишда Янги Тошкентда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлар ҳамда инвестициявий муҳитни янада яхшилашда партиянинг вазифалари атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Янги Тошкент нафақат замонавий инфратузилмага эга шаҳар, балки тадбиркорлик, инновациялар, таълим, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланган янги иқтисодий марказ бўлиши керак. Шу боис, ЎзЛиДеП томонидан ташкил этилаётган лойиҳалар доирасида тадбиркорлар ва инвесторлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини ўрганиш, мавжуд муаммоларга амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилади.
Йиғилишда ушбу вазифаларни тизимли ташкил этиш мақсадида партия депутатлари, фаоллари ва ҳудудий кенгашлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузиш, штаб фаолиятини йўлга қўйиш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилди. Шунингдек, инвесторлар билан манзилли ишлаш, тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқотлар ташкил этиш ва уларнинг мурожаатларини ўрганиш, муаммоларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал қилишга қаратилган иш режаси белгилаб олинди.
Бундан ташқари, тадбиркорлар ва инвесторлар билан мулоқотни янада кенгайтириш учун партиянинг рақамли платформасини яратиш, аҳоли ва бизнес вакилларининг фаоллигини ошириш мақсадида “Янги Тошкент — ўзимизники” шиори остида челленжлар ва тарғибот тадбирларини ташкил этиш режалаштирилди.
М.Комилова,
ЎзА