Янги Тошкентда қад ростлаётган Миллий кутубхона умуммиллий китобхонлик ҳаракатининг маърифий таянчи бўлади
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида инсон қадри, унинг маънавий ва интеллектуал камолоти мужассам.
Бу жараёнда китобхонлик маданиятини юксалтириш, мутолаани жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириш ва уни умуммиллий ҳаракат даражасига олиб чиқиш стратегик аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги тегишли қарори билан 2026–2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини, яъни бир киши мутолаа қиладиган китоблар сонини йилига ўртача 10 тага етказиш вазифаси давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Ушбу тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2026 йил 22 май куни Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга расман старт берилди. Мазкур ташаббус мутолаани кенг оммалаштириш, айниқса, ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятини жамият ҳаётининг муҳим қадриятига айлантиришдек эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган.
Бугун китоб ўқиш шунчаки бўш вақтни мазмунли ўтказиш воситаси эмас, балки замонавий инсоннинг интеллектуал эҳтиёжи, маънавий камолоти ва ҳаётий муваффақиятининг муҳим омилига айланмоқда. Жамиятда мутолаага бўлган интилишнинг кучайиши, китобхонликнинг юксак ижтимоий қадрият сифатида қарор топиши Янги Ўзбекистонда кечаётган маърифий ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик шонли санаси арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг тантанали нутқида таъкидлаганидек, «Халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ». Ушбу даъват замирида аждодларимизнинг давлатчилик анъаналари, бой маънавий мероси ва собитқадам тараққиёт йўлимиз мужассам.
Ана шу эзгу мақсадлар ва маърифий ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида Янги Тошкентда барпо этилган Миллий кутубхонанинг янги биноси Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳташам зиё масканига айланмоқда. Зеро, тарихга назар ташласак, ҳар бир юксалиш ва Ренессанс даври замирида, аввало, кутубхоналар, илм-фан ва маърифат марказлари турганини кўрамиз.

Аждодларимиз, буюк ҳукмдорларимиз қайси манзилда илм даргоҳларини барпо этган бўлсалар, ўша ерда маънавият юксалган, илм-фан ва билимлар ривожланган, дунёни ҳайратга солган кашфиётлар яратилган. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг «Қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган иморатларга боқинг», деган ҳикматли сўзлари барчамизга яхши маълум. Янги Тошкентда қад ростлаган ушбу муаззам кошона ҳам ана шу азалий даъватнинг замонавий ифодасидир. У юртимизда китобга, илмга ва маърифатга қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Янги Тошкентда 30 минг квадрат метр майдонни эгаллаган Миллий кутубхонанинг янги биноси ҳудуднинг муҳим интеллектуал марказига айланди. Мажмуа бир вақтнинг ўзида 1 420 нафар китобхонга хизмат кўрсатиш, 1,5 миллион нусха адабиётдан иборат бой фондни замонавий талаблар асосида сақлаш имкониятига эга.
Бугунги кунда анъанавий мутолаа маданиятини рақамли имкониятлар билан уйғунлаштириш интеллектуал тараққиётнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Рақамли трансформация шароитида кутубхоналар ахборот-коммуникация технологиялари, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ва сунъий интеллект имкониятларига таянадиган замонавий интеллектуал марказларга айланмоқда. Янги Миллий кутубхонада «Library 4.0» концепциясининг жорий этилиши ҳам айнан шундай инновацион ахборот муҳитини шакллантиришга қаратилган.
Лойиҳанинг асосий афзаллиги фақат замонавий ускуналар ва технологияларни жорий этишда эмас, балки кутубхона фаолиятининг барча босқичларини ягона рақамли экотизимга бирлаштиришдадир. Китобхоннинг кутубхонага киришидан тортиб, адабиётни излаш, танлаш, буюртма қилиш, олиш ва қайтаришгача бўлган жараёнларни рақамлаштириш орқали хизмат кўрсатишнинг тезкорлиги ва қулайлиги таъминланади. One ID, QR-код, Face ID ва NFC технологиялари асосида фойдаланувчиларни идентификация қилиш, уларга хизмат кўрсатиш жараёнларини автоматлаштириш кўзда тутилган. Бу орқали ортиқча бюрократик жараёнлар ва кутиш вақтлари қисқартирилиб, китобхонларга мустақил ва тезкор хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.
Мажмуанинг энг муҳим инновацион ечимларидан бири китоб фонди логистикасини автоматлаштиришдир. Хусусан, замонавий телелифт тизими орқали буюртма қилинган адабиётларни сақлаш жойидан тегишли қаватлар ва хизмат кўрсатиш ҳудудларига автоматик етказиб бериш, қайтарилган китобларни қабул қилиш ва саралаш жараёнларини тезкор ташкил этиш имконияти яратилади. Бу эса китоб фондларини бошқаришда инсон омилини камайтириш, вақт ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Китоб фондларини асраб-авайлаш ва самарали бошқаришда Хитойдан келтирилган, халқаро стандартларга жавоб берадиган махсус ақлли стеллажлар тизими алоҳида ўрин тутади. Уларни қўлда, компьютер орқали ёки тўлиқ автоматлаштирилган тарзда бошқариш имконияти назарда тутилган. Мазкур ечим сақловхона майдонларидан оқилона фойдаланиш ва адабиётларни етказиб бериш жараёнларини ягона тизимга интеграция қилиш имконини беради.
Шунингдек, RFID технологиялари, ақлли жавонлар ва роботлаштирилган инвентаризация тизими китоб фондининг ҳолати ва таркибини назорат қилиш, адабиётларни тезкор аниқлаш ҳамда ҳисобини юритиш самарадорлигини оширади. Натижада кутубхона ходимларининг кундалик жисмоний меҳнат юкламаси камайиб, уларнинг вақт ва салоҳияти китобхонларга сифатли хизмат кўрсатишга йўналтирилади.
Лойиҳанинг яна бир устувор йўналиши сунъий интеллект имкониятларини кутубхона фаолиятининг барча жараёнларига кенг татбиқ этишдир. «AI Librarian», интерактив экранлар, рақамли ёрдамчилар ва инфокиосклар орқали китобхонларга ахборот излаш, зарур адабиётларни топиш, кутубхона ҳудудида йўналиш олиш ҳамда шахсий қизиқишларига мос адабиётлар бўйича тавсиялар олиш имконияти яратилади.
Бино бўйлаб ҳаракатланувчи робот-кутубхоначилар ва интеллектуал инфокиоск-ботлар китобхонларнинг саволларига реал вақт режимида жавоб бериш, уларни тегишли заллар ва хизмат кўрсатиш ҳудудларига йўналтиришга хизмат қилади. Машинали ўрганиш моделлари эса китобхонлар талаб ва қизиқишларини таҳлил қилиш орқали адабиётларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, китоб фондини шакллантириш, янги нашрларни харид қилиш ва жойлаштириш бўйича мақбул қарорлар қабул қилишга кўмаклашади.
Сунъий интеллект технологиялари фондларни тизимлаштириш ва каталоглаштириш жараёнларида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Уларнинг ёрдамида библиографик тавсифларни шакллантириш, адабиётларни тегишли мавзулар бўйича таснифлаш ва электрон каталогга киритиш жараёнларини тезлаштириш, инсон омили билан боғлиқ хатоларни камайтириш мумкин. OCR технологияси босма манбаларни рақамлаштириш ва улардаги матнларни электрон шаклга ўтказишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Фойдаланувчилар учун электрон каталогларда овозли сўровларни матнга айлантириш, табиий тилдаги саволлар асосида ахборот излаш ҳамда китобхонларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда шахсий тавсиялар бериш тизимларини жорий этиш ҳам назарда тутилган. Булутли инфратузилма эса йирик ҳажмдаги электрон ресурсларни сақлаш, улардан узлуксиз ва кенг кўламда фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Айниқса, илмий ишлар, диссертациялар ва электрон маълумотлар базалари билан ишлашда сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга. Бу технологиялар катта ҳажмдаги ахборотни саралаш, тегишли манбаларни аниқлаш, маълумотларни таққослаш ва таҳлил қилиш жараёнларини сезиларли даражада тезлаштириш имконини беради. Натижада тадқиқотчилар, талабалар ва илмий ходимлар учун сифатли ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари янада кенгаяди.
Кутубхона фаолиятида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш муаллиф, нашриёт, кутубхона ва китобхон ўртасидаги муносабатларни ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Ахборот ресурсларига бўлган реал эҳтиёжни чуқур таҳлил қилиш орқали кутубхона фондларини энг талабгир ва зарур адабиётлар билан бойитиш, ўз навбатида, нашриётлар фаолиятини ҳам китобхонлар эҳтиёжларига мувофиқ йўналтириш имконияти пайдо бўлади. Бу эса китоб яратишдан тортиб, унинг китобхонга етиб боришигача бўлган бутун жараённинг самарадорлигини оширади.
Янги бинода кутубхонанинг анъанавий вазифалари билан бир қаторда инновацион таълим, ижодкорлик ва амалий кўникмаларни ривожлантириш учун ҳам алоҳида муҳит шакллантирилган. VR/AR технологиялари, 3D принтерлар, 3D сканерлар ва робототехника тўпламлари билан жиҳозланган лабораториялар ёшларнинг муҳандислик, дастурлаш, техник ижодкорлик ва креатив фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Болалар кутубхонаси, мультимедиа ҳудудлари, ноёб нашрлар сақланадиган бўлимлар ва китоб тарихига бағишланган интерфаол музейлар эса мажмуанинг таълимий ва маданий аҳамиятини янада оширади. Шу тариқа кутубхона нафақат мутолаа ва ахборот олиш, балки билим, маданият, ижодкорлик ва инновациялар уйғунлашган кўп функцияли макон сифатида намоён бўлади.
Барча мазкур ечимларнинг самарадорлиги уларнинг ягона интеграциялашган бошқарув платформаси орқали ўзаро боғлангани билан белгиланади. Бунда RFID ва телелифт модуллари, фондни автоматик саралаш, фойдаланувчиларни идентификация қилиш, электрон каталоглар, шахсий тавсия алгоритмлари ва сунъий интеллект хизматлари алоҳида-алоҳида тизимлар сифатида эмас, балки ягона рақамли кутубхона экотизимининг ўзаро уйғун функционал қисмлари сифатида ишлайди.
Бундай комплекс ёндашув кутубхона фаолиятининг барча йўналишларини ягона бошқарув механизмига бирлаштириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, хизматлар сифатини ошириш ва китобхонлар учун қулай интеллектуал муҳит яратиш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Тошкентдаги Миллий кутубхонанинг энг муҳим ўзига хос жиҳати замонавий технологияларни шунчаки бир бинода жамлаш эмас, балки уларни ягона рақамли бошқарув, автоматлаштирилган логистика, интеллектуал хизматлар ва инновацион таълим муҳитига бирлаштиришга қаратилган комплекс ёндашувдир.
Миллий кутубхонанинг янги биноси анъанавий кутубхона моделидан замонавий интеллектуал ахборот марказига ўтишнинг муҳим намунасидир. «Library 4.0» концепцияси асосида йўлга қўйилаётган ушбу тизим китобхонлик маданиятини юксалтириш, илм-фан ва таълимни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ҳамда мамлакатимизнинг рақамли ва маърифий тараққиётига хизмат қилади.
Энг муҳими, ушбу муаззам зиё маскани Янги Ўзбекистоннинг замонавий илмий, маърифий ва интеллектуал қиёфасини намоён этиб, Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.
Умида Тешабоева,
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори.
ЎзА