Янги тизим афзалликлари
“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки пластик карталар бошқармаси бошлиғи Улуғбек Раҳметовнинг маълум қилишича, мазкур тизим орқали бюджет корхоналари ва ташкилотлари ишчи-ходимларининг ойлик иш ҳақи, унга тенглаштирилган тўловлари UzASBO дастури орқали банкда очилган пластик карталарга автомат тарзда кирим қилинади.
Мамлакатимизда бозор муносабатлари асосида амалга оширилаётган изчил ўзгаришлар жараёнида тижорат банклари томонидан чакана операцияларни ривожлантириш, мижозларга тақдим этиладиган хизмат турларини кўпайтириш орқали ўз фаолиятини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий технологияларни қўллаш орқали таклиф этилаётган хизмат турлари банк харажатларини камайтириш ва мижозлар вақтини тежаш имконини бераётир.Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 26 ноябрдаги “2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори соҳага инновацион янгиликларни фаол жорий этишда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Унга кўра, банк тизимида ҳисоб-китоб ва ҳисоботларнинг янгича ёндашувларини шакллантириш, замонавий технологиялар ҳамда услубларни жорий қилиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида қатор изланишлар олиб борилмоқда. “Ипотека-банк” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилик бошқармаси мутахассислари ҳамкорлигида яратилган электрон қайднома тизими ана шу изланишлар самарасидир.
“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки пластик карталар бошқармаси бошлиғи Улуғбек Раҳметовнинг маълум қилишича, мазкур тизим орқали бюджет корхоналари ва ташкилотлари ишчи-ходимларининг ойлик иш ҳақи, унга тенглаштирилган тўловлари UzASBO (Ўзбекистон бюджет ташкилотларининг автоматлаштирилган тизими) дастури орқали банкда очилган пластик карталарга автомат тарзда кирим қилинади.
Мазкур янги тизимнинг бир қатор афзалликлари мавжуд. Аввало, иш ҳақи қайдномалари электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда Ғазначилик бошқармасининг UzASBO дастуридан банкка махсус ҳимояланган канал орқали жўнатилиб, мижозларнинг пластик карта ҳисобварақларига пул маблағлари автоматик равишда кирим қилинади. Бу корхона ва ташкилотлар иш ҳақи қайдномаларини банкка қоғоз ва электрон кўринишдаги шаклларини тақдим этиш учун сарфланган вақтни тежаш имконини беради.
Ушбу лойиҳа 2013 йилнинг учинчи чорагидан “Ипотека-банк” филиалларида муваффақиятли синовдан ўтказилди. Айни пайтда банкнинг барча филиаллари орқали 600 дан зиёд бюджет ташкилотларига жорий этилди.