Янги терминал янгича дизайнда барпо этилмоқда
Замонавий иншоотлар
Шу кунларда Самарқанд халқаро аэропортидаги қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу ерда аэропортнинг янги терминали барпо этилмоқда.
Ундаги қурилиш жараёни билан танишиш чоғида уч қаватли иншоотнинг ташқи кўриниши очилган китоб кўринишда бунёд этилаётгани ҳар қандай кишини ҳайратлантирмай қолмайди. Бу ердаги ускуналар китоб варақлари мисоли ўрнатилмоқда.
“Air Marakanda” компанияси директор ўринбосари Артём Пакнинг маълумот беришича, қурилаётган терминал дизайни дунёда ягоналиги билан ажралиб туради.
Шу ўринда, Самарқанд халқаро аэропорти терминалининг лойиҳаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Лойиҳа ғояси XIV асрдаги Мовароуннаҳрнинг буюк ҳукмдори, шоир, астроном ва математик Мирзо Улуғбекнинг илмий асарларига бориб тақалади. Унинг “Зижи жадиди Курагоний” илмий асарида астрономиянинг назарий асослари ва мингдан ортиқ юлдузнинг координатлари акс эттирилган.
– Шунга мувофиқ, аэропорт терминали юлдузлар туркуми акс эттирилган очиқ китоб кўринишида барпо этилмоқда, – деди А.Пак. – Лойиҳачиларимиз бу дизайнни яратишда буюк астроном Мирзо Улуғбек меросидан илҳом олди. Чунки ўзбек олими қолдирган илмий манбалар дунё астрономия фани ривожида муҳим ўрин эгаллайди. Ўзбекистоннинг «Primetime Group» ва Туркиянинг «Kiklop» компаниялари вакиллари томонидан яратилган ушбу лойиҳа шу замин мутафаккирига бўлган чексиз ҳурмат, дейиш мумкин. Лойиҳа бўйича очилган китоб варақларида юлдузлар порлаб туриши гавдалантирилган. Бу ерда қурилиш якунлангач, ушбу бино устида юлдузлар чарақлаб туришини кузатиш мумкин. «Самарқанд» халқаро аэропортининг янги терминалини қуриш “ICAO” ва “IATA” халқаро талабларига мувофиқ амалга оширилмоқда. Янги йўловчи терминалининг майдони 40,7 минг квадрат метрни ташкил этади. Аэропорт олдидаги ҳудуд 2,29 гектар, машиналар турар жойи ҳудуди 1,8 гектар майдонни эгаллайди. Ўзига хос янги инфратузилмани мужассам этган ушбу терминалнинг биринчи қаватида 28 рўйхатдан ўтиш пункти, 6 қўниш йўлагига чиқиш ҳудуди (GATE), шу жумладан, 2 та телетрап, 20 та паспорт назорати хонаси жойлашади. Иккинчи ва учинчи қаватлар эса йўловчиларнинг ҳордиқ чиқариши учун мўлжалланган. Шунингдек, 24 та самолёт тўхташ жойи, жумладан, 2 та “ҳаво кемалари”га музлашга қарши ишлов бериш учун махсус жой, 3 та юк лентаси ҳамда 3 минг 200 квадрат метр майдонга эга тижорат ҳудуди мавжуд бўлади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мазкур улкан бунёдкорлик ишлари билан танишув чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йили вилоятга ташрифи чоғида ушбу аэропортни модернизация қилиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Давлат раҳбари жорий йил 15 апрель куни Самарқандга ташрифи чоғида ҳам ушбу иншоот қурилиши билан яна бир бор танишиб, зарур топшириқлар берди.
Ана шу талаб ва таклиф асносида қурилиши қизғин олиб борилаётган Самарқанд халқаро аэропорт терминали бош пудратчи “Enter Engineering” компанияси, шунингдек, Ўзбекистоннинг «Primetime Group» ва Туркиянинг «Kiklop» компаниялари томонидан лойиҳалаштирилмоқда.
[gallery-2394]
Аслида бугунги кун терминали қандай бўлиш керак? Самарқанд халқаро аэропорти терминали йўловчиларга қайси замонавий хизматлари билан ажралиб туради?
Самарқанд халқаро аэропорт терминали ушбу талабларга тўлиқ жавоб бера олади. Биринчидан, унинг қурилишдаги замонавий барча қулайликларнинг мавжудлиги бўлса, иккинчидан, унда мамлакатимиз учун ноёб бўлган ORAT дастурининг татбиқ этилаётганидадир.
ORAT дастурини жорий қилишда “Air marakanda” компанияси Мюнхен халқаро аэропорти (Германия) ва Истанбул халқаро аэропорти (Туркия) мутахассислари билан ҳамкорликда ушбу дастурни (Operational Readiness, Activation and Transition) эксплуатацион тайёргарлик, ишга тушириш ва операцион фаолиятни янги инфратузилмага ўтказиш методологияси дастурини амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Бу дастур аэропортни ишга туширишда катта миқдордаги турли хил технологик ва бизнес жараёнларининг мураккаб тармоқларини тизимлаштириш ва синхронлаштириш имконини беради.
Ўз навбатида, “Lufthansa”, “KPMG” ва “Freshfields Bruckhaus Deringer” каби компаниялар томонидан янги аэропорт фаолиятини бошқаришнинг молиявий ва ҳуқуқий жиҳатлари кўриб чиқилмоқда. Мюнхен ва Истанбул аэропортлари экспертлари ва мутахассисларининг фикрига кўра, ушбу тизим аэропортларни бошқариш соҳасида илғор технологияларни жорий этишни таъминлайди, авиакомпаниялар, йўловчилар ва республика аҳолисининг эҳтиёжларига хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, Самарқанд халқаро аэропортини йирик транспорт ва сайёҳлик хабига айлантиришда бундай янгиликлар ўрни беқиёсдир.
Айни кунларда германиялик мутахассислар билан биргаликда маршрутлар тармоғини ривожлантириш бўйича ўқув дастури (Route development) йўлга қўйилди.
– Германиянинг Мюнхен аэропортида фаолият кўрсатаман, – деди Кириан Эке. – Ўзбекистонга келишдан мақсад, Орат дастурини шу аэропортда татбиқ этишдир. Орат дастури эски терминалдан янги терминалга кўчиб ўтиш, дегани. Янги терминал қуриш, бу фақат бино эмас, унинг ичида барча ходимлар ўргатиб, барча янги системани киритгандан кейин ўқиш ўтказиш ва тушунтиришдир. Орат дастури кўп аэропортларда ишлатилган. Жанубий Америка, Россия, Ҳиндистон, Нью-Йорк аэропортларида бу дастур киритилган. Орат дастури 1992 йилдан буён ташкил этилган ва янги қурилаётган аэропортларда киритилади. Очиғи, юртингизда ишлаш жуда ёқаяпти. Мен Ўзбекистон халқининг иссиқ меҳрини, меҳмондўстлигини кутмагандим.
Ҳозир иншоот қурилишидаги барча ишлар сифатли бажарилмоқда. Бунда ишчи-мутахассис ва хорижлик мутахассисларнинг хизмати беқиёс. Лойиҳа режаси бўйича иншоот жорий йилнинг биринчи сентябрида якунланиши кўзда тутилган.
– Бу ерда энергетика соҳаси бўйича 60 фоиз ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги босқичда эса дизель генератор ва трансформатор қувватлари монтаж қилинади ва сентябрь ойида якунланади. Ускуналарнинг барчаси замонавий ва энергиясамарадор. Улар ишга туширилгач, сифатли ва кам қувват билан ишлай бошлайди, – деди ушбу лойиҳа бош энергетиги Жаҳонгир Болиев.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА