“Янги технологиялар” марказида яратилган янги хизматлар қулайликлар яратмоқда
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази карантин шароитида аҳолига қулайлик яратишга қаратилган янгиликлар яратишда давом этмоқда.
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази карантин шароитида аҳолига қулайлик яратишга қаратилган янгиликлар яратишда давом этмоқда.
Марказ мутахассислари яратган “SOLIQ” мобиль иловаси карантин даврида солиқ тўловчиларни ортиқча вақт, куч ва харажат сарфидан халос этаётир.
Мазкур мобиль илова ёрдамида жисмоний шахслар ер ва мол-мулк солиқлари миқдорини аниқлаши ва тўлаши мумкин. Тўловлар банк пластик карточкаси орқали амалга оширилади.
Шунингдек, мобиль иловада орқали иш ҳақи тўғрисида маълумотлар олиш, СТИРни аниқлаш ҳам осон. Солиқни тўлаш, тўлов топшириқнома яратиш ва унинг ҳолати билан танишиш имконияти эса якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар учун бирдай фойдали.
Бундан ташқари мобиль илова орқали шахсий ҳисобварақ маълумотлари – ҳисобланган, тўланган солиқлар, қарздорлик ёки вақтида тўланмаган қарздорлик учун устамалардан хабардор бўлиш имкони бор.
Ҳозирги шароитда янги электрон рақамли имзо калитини олиш учун ДХМга бориш шарт эмас. “Янги технологиялар” маркази бу масаланинг ҳам оқилона йўлини тақдим этади: электрон рақамли имзо калитини интернет орқали реал вақт режимида олиш имконияти ишга туширилди. Эндиликда e-imzo.uz сайти орқали электрон рақамли имзо калити муддатини уйдан туриб янгилаш мумкин.
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази ахборот хизматидан маълум қилишларича, марказ солиқ тўловчилар учун қулайлик ва енгиллик яратишда давом этмоқда.
Марказнинг“Секторбай” ишлаш тизими зарур вақтда иш бошлаган муҳим лойиҳалардан бири бўлди.Ушбу янги тизим тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни қизиқтирган саволларга тезкор ва аниқ жавоб бериш мақсадида ишлаб чиқилди.
Тизимдан фойдаланиш содда ва тушунарли: телеграмда @SektorUzbot орқали сектор хизматларига уланиш мумкин. Тадбиркорлик субъекти ушбу бот ёрдамида ўз ҳудудидаги сектор раҳбарига мурожаат йўллаши мумкин.
Мурожаатлар тўғридан-тўғри порталга бориб тушади. Бу ерда эса мурожаатлар автоматик шаклда тақсимланади. Сектор раҳбарлари ўзининг логин пароли билан кирганида уларга тақсимланган барча мурожаатларни кўради ва уларни ҳал қилишга киришади. Мурожаат ҳал этилгач у бу ҳақда тизимга маълумот киритади.
Тизим билан республикамизнинг барча ҳудудлари қамраб олинган. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 3 иш куни этиб белгиланган. Янги ишлаб чиқилган мазкур тизим Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги сектор ва ташкилот раҳбарлари томонидан юритилади.
Яна бир махсус хизмат – Интернет-компанияларнинг ҚҚС-офиси – http://tax.uz ҳам карантин даврида муҳим лойиҳалардан бири бўлди.
Хўш, ушбу янги хизмат нимаси билан аҳамиятли? Гап шундаки, Солиқ кодексига мувофиқ, жорий йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда тақдим этадиган хорижий компаниялари учун қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлаш жорий этилди. Интернет-компанияларнинг ҚҚС-офиси айнан шу тоифадаги компанияларни рўйхатга олишга хизмат қилади.
Хуллас, пандемия сабаб юзага келган вазият ана шундай янги имкониятлар салмоғини оширди, онлайн хизматлар ривожини тезлаштирди.Муҳими, бу аҳолига, тадбиркорларга катта қулайликлар яратди.