Янги ташаббуслар кенг имкониятлар ва улкан масъулиятдир
Акс-садо
Мамлакатимизда кейинги йилларда ёшларнинг олий таълим билан қамрови аввалги йилларга нисбатан бир неча баробарга ошгани қувонарли, албатта. Бироқ олий ўқув юртлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи долзарблигича қолмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 8 август куни олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича кенгайтирилган йиғилишда ана шу масала атрофлича муҳокама этилди.
Йиғилишда Юртбошимиз охирги етти йилда қабул 4,5 баробар ошиб, ёшларнинг олий таълим билан қамрови 42 фоизга етган бўлса-да, кадрлар тайёрлаш тизими реал эҳтиёжга мос эмаслигини таъкидлади.
Олий таълимда ўқитилаётган кадрлар билан иш берувчилар талаби ўртасида фарқ катталиги, оқибатда корхоналар четдан тайёр мутахассис жалб қилишга мажбур бўлаётгани танқид қилинди.

Сўнгги йилларда 40 та олий ўқув юртига молиявий мустақиллик берилгани самарасида иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик, тиббиёт, хорижий тиллар ва педагогика йўналишидаги муассасаларнинг ўз маблағи пайдо бўлгани, лекин қишлоқ хўжалиги, ветеринария, муҳандислик, аниқ ва табиий фанлар йўналишлари ёшлар учун жозибадор эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Қайд этилишича, яқин йилларда мамлакатимизда 83 миллиард долларлик йирик лойиҳаларнинг ишга туширилиши режалаштирилган. Уларнинг ҳисобига саноатнинг ўзида 500 мингга яқин мутахассисга эҳтиёж пайдо бўлади.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари битирувчиларни иш билан таъминлаш, янги йўналишларда мутахассислар тайёрлаш борасидаги янги ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, энди қиймати 1 миллион доллардан, ишчилар сони 50 тадан кўп бўлган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосида соҳалар ва йўналишлар бўйичамутахассисларга эҳтиёж кўрсатилади. Бу орқали масъул вазир ва тармоқ раҳбари олий ўқув юртига буюртма жойлаштириб, кадрларни мақсадли тайёрлашни йўлга қўяди.
Бунда ректорлар буюртма асосида ўқиётган талабалар учун, асосий фанлардан ташқари, қўшимча таълим модулларини жорий қилади. Уларни ўқиган талабаларга кредит баллари берилади.
Талабаларнинг билими иккинчи курсдан кейин уларни ишга олмоқчи бўлган инвесторлар иштирокида йиллик баҳоланади. Битирувчи диплом ишини лойиҳада қўйилган масалалардан келиб чиқиб ҳимоя қилади. Бир сўз билан айтганда, инвестор талабига мос битирувчилар кафолатли ишга олинадиган бўлади.
Шунингдек, йиғилишда ректорлар ваколати ва масъулиятини ошириш масаласи кўриб чиқилди. Шу мақсадда Янги Ўзбекистон университетининг баҳолаш тизими бошқа олий таълим муассасаларида ҳам йўлга қўйилиши белгиланди.
Бунда олий ўқув юртига битирувчилар бандлигига қараб 40 балл, илмий тадқиқотлар учун тармоқ буюртмаси ва маҳсулотини сотишига қараб 30 балл, илмий салоҳияти ва тан олинган халқаро журналлардаги мақолалари учун 20 балл, жалб қилинган маҳаллий ва хорижий грант учун 10 баллгача берилади. Ушбу балларга қараб, молиялаштириш тизими жорий қилинади.
Яна бир янгиликни алоҳида эътироф этиш жоиз. Президентимиз энди барча олий ўқув юртлари ташкилий ва академик мустақил бўлишини таъкидлади. Жумладан, ректорлар ўринбосарларини ўзи тайинлайди, белгиланган миқдор доирасида профессор-ўқитувчилар ва бошқарув ходимларини тақсимлайди. Шунингдек, ректорларга “супер контракт” миқдорини табақалашган ҳолда белгилаш ваколати берилади.
Бу эса олий ўқув юртларининг янада мустақил бўлишига замин яратади.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари яна бир муҳим ташаббусни илгари сурди.
Маълумки, ҳужжат топширишда абитуриентлар 5 тагача олий ўқув юртини танлаяпти. Бу ёшлар учун жуда катта имконият бўлди. Энди бу янада кенгайтирилади. Абитуриентлар танловидан бирортасига киролмаган бўлса, лекин бали бошқа олий ўқув юртидаги тўлмаган йўналишга тўғри келса, у шартнома асосида ана шу олий даргоҳда ўқиши мумкин бўлади.
Йиғилишда ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бу йилги 92 минг битирувчининг кейинги фаолиятида кўмаклашиш чора-тадбирлари белгиланди.
Уюшмаган ёшларни алоҳида эътиборга олиб, уларни фойдали машғулотларга йўналтириш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, касб ва тил тўгараклари, спорт мусобақалари, ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларига жалб қилиш бўйича вазифалар белгиланди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус ва вазифалар олий таълим тизимида фаолият олиб бораётган барча раҳбар ва ходимлар учун янги имкониятлар тақдим этиш билан бирга, уларнинг зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди. Биз, яъни институтимиз педагогик жамоаси мазкур ташаббуслар ижросини таъминлаш йўлида бор имкониятимизни ишга солиб, астойдил меҳнат қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб олдик.
Дилшодбек РУСТАМОВ,
Андижон давлат чет тиллари институти ректори, профессор.
ЎзА