Янги тартиблар судьяларга тушунтирилди
Самарқанд вилояти судида Ўзбеекистон Республикаси Олий суди пленуми қарорларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича семинар ўтказилди.
Унда Самарқанд вилоят судининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, туман, шаҳар ва туманлараро суди раислари ҳамда Самарқанд вилоят маъмурий суди судьялари иштирок этди.
Олий суд судьялари А. Ўтаев ва М.Эшимбетов одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш белгиланганлигини таъкидлади.


Пленум қарорлари суд амалиётидаги бир қанча масалаларга аниқлик киритиб, суд ишлари сифатини оширишга ёрдам беради. Шунинг учун ҳар бир Пленум қарорларини изчил ўрганиш, мазмун-моҳиятини тўла англаб етиш ўзининг ижобий самарасини беради.
Тадбирда Олий суд пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида” ва “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорларини амалиётда қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур пленум қарорларининг мазмун-моҳияти, уларни амалда қўллаш борасида юзага келиши мумкин бўлган масалалар юзасидан батафсил тушунтириш берилди.

Тадбирда судьялар амалиётда учраётган масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА