Янги таҳрирдаги “Мудофаа тўғрисида”ги қонун маъқулланди
ОНЛАЙН.
Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Сенаторлар “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларига, давлат органларининг ваколатларига, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг мамлакат мудофаасини таъминлашда иштирок этишига оид масалалар Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 3 июлда қабул қилинган “Мудофаа тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солиб келинган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасининг янги таҳрирда қабул қилиниши, шунингдек жаҳон ва минтақадаги вазиятнинг ривожланиши, миллий хавфсизликка таҳдид ва хавфлар солиниши мумкинлигини инобатга олиб, “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) янги таҳрирда қабул қилиш зарурати юзага келди.
Қонун 5 та боб ва 30 та моддадан иборат.
Қонуннинг мақсад ва асосий вазифалари мудофаа соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, мудофаани ташкил этишнинг ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини (бундан буён матнда Қуролли кучлар деб юритилади) бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини, мамлакат мудофаасини таъминлашда давлат органларининг ваколатларини, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар ва фуқароларнинг иштирок этишини ҳуқуқий асосларини белгилашдан иборат.
Қонунда мудофаа тушунчаси ёритилиб, унга кўра мудофаа Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилишни таъминлаш борасидаги сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий-ҳуқуқий, ахборотга оид, ташкилий ва бошқа тусдаги чора-тадбирлар тизимидир.
Мустақилликни, суверенитетни, ҳудудий яхлитликни ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, давлатнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш, Марказий Осиёда халқаро ва минтақавий ҳамкорликни, хавфсизликни, барқарорликни ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, давлатнинг ҳарбий ташкилотини мунтазам равишда ривожлантириш, уни Ўзбекистон Республикасини қуролли ҳимоя қилишга шай ҳолатда сақлаб туриш мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсадлари этиб белгиланган.
Мудофаани ташкил этиш ва Қуролли Кучларга раҳбарлик қилиш тартиби назарда тутилган, Қуролли Кучларнинг вазифалари ва Қуролли Кучларни қўллаш тартиби очиб берилган.
Шунингдек, уруш ҳолати, фавқулодда ҳолат, фуқаро муҳофазасини тартибга солувчи нормалар қонунга киритилган янгиликлардан биридир.
Хусусан, ҳарбий ҳолат – Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида вақтинча жорий этиладиган алоҳида ҳуқуқий режим бўлиб, у тажовуз рўй берганда ёки таҳдид солувчи даврда, давлат бошқаруви органларига ҳарбий соҳада Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлигига таҳдидларнинг олдини олиш бўйича ваколатлар берилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, ташкилотларнинг ҳуқуқларини вақтинчалик чеклаб, уларнинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклатилган ҳолда жорий этилади, фавқулодда ҳолат эса, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида вақтинча жорий этиладиган ҳуқуқий режим бўлиб, у фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб жорий этилади.
Қонунга кўра фуқаро муҳофазаси ҳарбий ҳаракатларни олиб бориш чоғида ёки ушбу ҳаракатлар оқибатида юзага келадиган хавфлардан Ўзбекистон Республикасининг аҳолисини, ҳудудларини, моддий ва маданий бойликларини муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилади ва ўтказилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.