Солиқ муносабатлари инсониятнинг ибтидоий даврларидаёқ шакллана бошлаган.
Илк солиқларнинг жорий этилиши милоддан аввалги учинчи минг йилликка бориб тақалади. Тарихий манбалар солиқ турларини дастлаб, қадимги Миср, Юнон, Хитой ҳудудларида пайдо бўлганидан дарак беради.
Ўрта асрлар даврига келиб Европада ҳам бу амалиёт қўллана бошланган. Марказий Осиё ҳудудларида эса муаррихларнинг битикларида келтирилишича солиқлар милоддан олдинги биринчи минг йилликнинг бошларида жорий этилгани баён этилган. Кўчманчи шароитда яшаган марказий осиёликлар ўтлоқ жойлар, ер, сув учун қабилаларга ўлпон шаклида солиқ тўлаб туришган. Кейинчалик тараққиёт, цивилизация жамиятларда янгидан янги солиқ турларини пайдо қила бошлаган.
Умуман олганда, қадимдан то шу кунгача аксарият солиқ турларининг жорий қилиниши, мамлакатнинг ҳимояланишига, одамларнинг фаровон турмуш шароитида яшашига қаратилган. Шунинг учун ҳам солиқлар – катта-ю кичик давлатлар иқтисодининг таянчи. Тўғри олиб борилган солиқ сиёсати мамлакатни қудратли, халқни бахтиёр қилади.
Ўзбекистонда ҳам турли даврларда турлича солиқлар жорий қилинган. Даромад солиғи, ягона солиқ тўлови, акциз солиқ, ер, мол-мулк солиғи ва ҳакозо... Барча солиқлар тараққиёт, ривожланиш, замон талабидан келиб чиқиб такомиллашиб бораверади. Иқтисодиётнинг қонунияти шундай.
Ҳар қандай қонунчилик ҳужжатининг жамиятга нечоғлик керакли экани унинг халқ манфаатига, давлат ривожига қўшадиган аҳамиятига боғлиқ. Бугунги кунда қабул қилинаётган қонунлар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар билан чамбарчас равишда такомиллашиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 3 декабрда қабул қилинди.
Ушбу қонун мамлакатда иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ тизимини соддалаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган навбатдаги муҳим қадамдир.
Қонуннинг асосий мақсади – солиқ юкини камайтириш ҳисобига бозор ислоҳотларини тезлаштириш ва инвестиция муҳитини яхшилашдир. Бу каби ислоҳотлар мамлакатнинг иқтисодий юксалишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Қонунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш, ер солиғини икки бараварга ошириш тартибини бекор қилиш ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ миқдорини камайтириш каби чоралар киритилган. Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларига боғлиқ солиқ имтиёзлари жорий қилингани кўпчиликнинг эътиборини тортиши мумкин. Қуёш панелларини ўрнатган шахслар учун солиқ тўлашда имтиёзлар белгилаш билан эса экологик ислоҳотлар бўйича катта қадамлар ташланмоқда.
Қонунга кўра, қуёш панеллари ўрнатиш учун белгиланган солиқ ставкаси камайтирилади ва ушбу имтиёзлар янада кенгайтирилади. Мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғининг бекор қилиниши, янги қурилмалар ва биноларни қуришда солиқ имтиёзларининг жорий қилиниши ҳам иқтисодий ривожланишга ижобий таъсир кўрсатади. Бунинг натижасида қурилиш соҳасидаги ишлар жадаллашиб, ҳажми кўпайиб янги иш ўринлари яратилади, шунингдек, инвесторларнинг қизиқишлари ортади.
Солиқ сиёсатига киритилган ўзгаришлар давлат бюджети учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, даромадлар ва солиқлар бўйича ўзгаришлар янги молия йилидан бошлаб амалга оширилади. Қонунга киритилган давлат мулки ва бўш турган ер участкаларига оид янги қоидалар иқтисодий фаолиятни рағбатлантиради. Бу ўзгаришлар нафақат иқтисодиёт ривожига, балки мамлакатнинг экологик барқарорлигини сақлашга ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотлари бозор ислоҳотларини кучайтириш ва янги иқтисодий ёндашувларни жорий қилишга интилишни кўрсатади. Бу қадамлар мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини, экологик муаммоларни ҳал қилишда муҳим ўрин тутади ва халқаро миқёсда рақобатбардошликни оширишни таъминлайди.
Солиқ юкини пасайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш иқтисодий ривожланишнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланди. Бу нафақат мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, балки бозор ислоҳотларини жадаллаштиришга қаратилган муҳим қарорлардан биридир. Қонунга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича ер солиғини икки бараварга ошириш тартиби бекор бўлади. Шунингдек, қонунда товарларнинг кузатув ҳужжатлари бўйича солиқ органларига тақдим қилиш мажбуриятидан озод этиш назарда тутилмоқда.
Энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш қонуннинг яна бир муҳим йўналишидир. Қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ўрнатган шахслар учун солиқ имтиёзлари берилади. Мобиль алоқа хизматлари акциз солиғидан озод қилинди. Шунингдек, янги бино ва иншоотларни қуришни рағбатлантириш мақсадида қатор вақтинчалик солиқ имтиёзлари жорий этилмоқда. Қонунда тамаки ва алкоголь маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари ҳамда бошқа акциз товарлар бўйича солиқ ставкаларининг ўзгартирилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, экспортга йўналтирилган даромадлар учун қўлланиладиган айрим солиқ имтиёзлари бекор қилинди. Қонунга киритилган қоидалар 2025 йил учун Давлат бюджетини ишлаб чиқиш жараёнида муҳим аҳамият касб этди. Бунда бюджет даромадларининг камайишини ёки кўпайишини назарда тутувчи барча ўзгаришлар келгуси молия йилининг 1 январидан бошлаб амалга оширилади. Бу ислоҳотлар нафақат молия ва солиқ тизимининг шаффофлигини таъминлашга, балки инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади. Ўзбекистонда бозор ислоҳотларини амалга ошириш ва мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга қаратилган бундай қадамлар кейинги йилларда ҳам давом этирилади.
Қонунга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар, жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш; қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича ер солиғини икки баравар ошириш тартибининг бекор қилиниши; якка тартибдаги тадбиркорлар ходимлари учун ижтимоий солиқ миқдорини камайтириш; қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаган шахслар учун солиқ имтиёзларининг жорий этилиши; мобиль алоқа хизматларини акциз солиғидан озод қилиш; тамаки, алкоголь ва нефть маҳсулотлари учун акциз ставкаларининг ўзгартирилиши; бюджет даромадлари ва солиқлар бўйича ўзгаришларнинг келгуси молия йилидан амалга оширилиши; экспортга йўналтирилган даромадлар бўйича айрим имтиёзларнинг бекор қилиниши – буларнинг бари аҳоли ва тадбиркорлар манфаатини ўйлаб, ҳимоя қилиб, қабул қилинмоқда. Бу Ўзбекистон Конституциясида қайд этилган ижтимоий давлат мақомининг яна бир ифодасидир.
Қонунчиликка киритилган ўзгаришларга кўра, қуёш панелларини ўрнатиш учун солиқ имтиёзлари белгиланган. Жумладан, қуёш панеллари ўрнатилган бинолар учун солиқ ставкаси 25 фоиздан кам бўлмаган электр энергиясини тўплаш тизимига эга бўлган панеллар фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан ўн йил давомида амал қилади. Бунинг баробарида янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш биноларига солиқ ставкасида кўрсатилган пасайтирувчи коэффициентлар ҳам жорий этилган.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари билан боғлиқ янги меъёрлар ҳам ўзгарди. Қуёш панелларини ўрнатишга кўмаклашиш учун имтиёзлар кўрсатилиб, янги қурилмалар фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан уч йил давомида амал қилади. Бу соҳада фойдаланиладиган қурилмалар ва энергия манбаларига тўланадиган солиқ ставкаси ҳам аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан кўпгина солиқ ставкалари ва имтиёзлар қаторида янги қоидалар жорий этилди.
Солиқ ва бюджет сиёсати давлатнинг иқтисодий ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда 2025 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатини ўзгартиришга йўналтирилган қонун, аввало, солиқ юкини камайтириш ва бозор ислоҳотларини тезлаштиришга қаратилган. Бу, ўз навбатида, инвестиция муҳитини яхшилашга ва мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга ёрдам беради.
Қонунни қабул қилиш орқали амалга ошириладиган солиқ ислоҳотлари ва бюджет сиёсати ўзаро боғлиқ бўлиб, уларнинг натижалари мамлакатнинг иқтисодий ва экологик барқарорлигига йўналтирилган. Масалан, экологик йўналишдаги солиқ имтиёзлари, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларига боғлиқ имтиёзлар, ҳудуддаги яшил энергия лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Бу эса нафақат давлат бюджети учун, балки мамлакатнинг экологик барқарорлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларига 2028 йилдан 2040 йилга қадар барча турдаги солиқлардан (қўшилган қиймат солиғидан ташқари) озод қилиш белгиланди. Имтиёзлар экспортнинг умумий ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахсларга ва 18 ёшдан ошган битирувчиларнинг 50 фоизи ишга жойлашган корхоналарга татбиқ этилган. Шунингдек, нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг фаолияти учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, ўқув ва лаборатория материаллари Ўзбекистонга олиб келинганида 2030 йилга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.
Бундан ташқари, чет эл ўқитувчилари ва мутахассисларига нисбатан ҳам солиқ имтиёзлари мавжуд. 2030 йилга қадар улардан даромад солиғи олинмайди, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ижтимоий солиқдан озод қилинган. Бу имтиёзлар таълим муассасаларининг замонавий жиҳозлар билан таъминланиши, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ва аҳолига бепул таълим хизматлари кўрсатиш учун йўналтирилади.
Қонун 2025 йил 1 январдан кучга киради.
Умуман олганда мазкур Қонуннинг мақсади фуқароларнинг ва тадбиркорларининг солиқ юкини енгиллаштириш, шунингдек, бюджетнинг барқарорлик ва самарадорлигини оширишга қаратилган. Иқтисодий ислоҳотлар ва солиқ сиёсатини соддалаштириш давлат молияси ва фуқароларнинг фаровонлигига йўналтирилган, чунки бунинг натижасида давлат бюджетининг тушумлари ошади ва аҳолининг ижтимоий имкониятлари яхшиланади. Шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатига оид ўзгаришлар мамлакатнинг халқаро иқтисодий муносабатлардаги рақобатбардошлигини оширишга ҳам ёрдам беради. Бунинг ортидан, инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодий ўсишга катта тўсқинлик қилувчи омиллар бартараф этилади.
Президентимиз таъкидлаганларидек, «Биз тўғри ишлаётган, иш ўринлари яратаётган, илғор технологияларни жорий этаётган, янги маҳсулотлар ишлаб чиқараётган бизнес вакиллари учун барча шароитларни яратишга тайёрмиз».
Янги Қонунда Юртбошимиз урғу берган ушбу жиҳатлар эътиборга олинган ва у шак-шубҳасиз мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади.
Абдусаид КЎЧИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси аъзоси