Янги қонун: пулли трассалар қандай жорий этилади?
Автомобиль йўллари мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши, ҳудудлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни таъминлаш ва аҳоли хавфсиз ҳаракатланиши учун муҳим инфратузилма ҳисобланади.
Йўл тармоғини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, уни сақлаш ва самарали бошқаришни ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш мақсадида “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди. Ҳужжат соҳадаги муносабатларни ягона тартиб асосида белгилаб, автомобиль йўлларини ривожлантириш ва улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.
Жорий йилнинг 2 августида қабул қилинган мазкур қонунга кўра, энди автомобиль йўлларининг турлари, улардан фойдаланиш тартиби, давлат бошқаруви ваколатлари, йўллар атрофидаги ҳудудлардан фойдаланиш шартлари ҳамда пулли автомобиль йўлларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар аниқ ҳуқуқий меъёрлар асосида амалга оширилади.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда автомобиль йўллари умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари (ички автомобиль йўллари) ҳамда хўжалик автомобиль йўллари каби турларга ажратилади. Шунингдек, автомобиль йўллари фойдаланиш режимига кўра бепул ёки белгиланган тартибда пулли бўлиши мумкин. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари давлат мулки ҳисобланиб, улар Автомобиль йўллари қўмитаси ихтиёрида бўлади ҳамда чекланмаган доирадаги транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун мўлжалланган.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари давлат мулки бўлиб, улар Автомобиль йўллари қўмитасининг ихтиёрида бўлади ва чекланмаган доирадаги шахсларнинг транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжаллангандир.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидаги ажратилган минтақанинг минимал ўлчамлари қуйидагилардан иборат:
І тоифа автомобиль йўлларида - 80 метр;
II тоифа автомобиль йўлларида - 60 метр;
III ва IV тоифа автомобиль йўлларида - 40 метр;
V тоифа автомобиль йўлларида - 25 метр.
Автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари мазкур йўл эгалари томонидан, шу жумладан ихтисослаштирилган йўл ташкилотларини жалб этган ҳолда амалга оширилади. Йирик габаритли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг автомобиль йўлларида ҳаракатланишига фақат махсус ваколатли орган ёки унинг тизимидаги идоралар томонидан бериладиган махсус рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Пулли автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёки ўз ваколатлари доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади. Мазкур қарор режалаштирилаётган пулли автомобиль йўли билан боғлиқ ҳудудлар ўртасида лозим даражадаги ва фойдаланиш ҳолатидаги автомобиль йўллари бўйлаб муқобил бепул ҳаракатланишни таъминлаш шарти билан қабул қилинади.
Фойдаланувчи транспорт воситасида пулли йўлдан ҳаракатланиш учун пулли автомобиль йўлига кириш, ҳаракатланиш учун тўловни тўлов пунктида тўлаш, йўл талонини сотиб олиш каби усуллардан бири орқали оператор билан оммавий шартнома тузади.
Пулли автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов транспорт воситаларининг юқори тезлик режимини ва бутун йўналиш бўйлаб юқори даражадаги сервис хизматини таъминлаш шарти билан жорий этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА