Кейинги йиллар мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, очиқлик ва шаффофликка эришиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг 2024 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорнинг ер билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарни қоплаш ва давлат бюджетидан ундиришлар билан боғлиқ ишларда иштирок этиш ҳуқуқини, шунингдек, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида прокурорнинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида прокурор тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган, қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган ишлар бўйича кассация протести, тафтиш тартибида протест келтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли судлардан ишларни талаб қилиб олишга бўлган ҳуқуқи белгиланган. Мазкур тоифадаги ишларни кўриш якунлари бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартиби аниқлаштирилган.
Судларда ишларни кўриш прокурор иштироки ва уларни жалб қилиш ҳақида тегишли нормалар мавжуд бўлиб, мазкур қонуннинг қабул қилиниши уларнинг ўз ваколатлари ва қонунда белгиланган вазифаларини бажаришда қатъий норма билан аниқлаштириб берилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 50-моддасининг биринчи қисми: Прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек, давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас деб алмаштирилди.
Шу билан бирга, Прокурор давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиш мумкинлиги белгиланди.
Ушбу кодекснинг илгариги таҳрирдаги мазкур моддасида прокурор унинг даъво аризаси асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкинлиги ва қонунда назарда тутилган ҳолларда судда қатнашуви кўрсатилган эди. Бу янги норма орқали прокурор ваколатларнинг аниқ даъво талаблари бўйича судга даъво қилиши ҳуқуқлари белгиланиб, ортиқча изоҳ ва тахминларга ўрин қолдирмади.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ҳам прокурор ваколатлари ва ҳуқуқлари билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Юқорида қайд этилган моддаларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар прокурорнинг судларда иштирокини таъминлаб қолмасдан, уларнинг даъво доирасида судга мурожаат қилиши ва протест келтириш ваколатларини ҳам тартибга солади.
Хулоса ўрнида ушбу Қонун прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширади. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Абдуқодир Ражабов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Оҳангарон туманлараро судининг судьяси,
ЎзА.