Янги пленум қарорлари – муҳокамада
Урганч шаҳрида Хоразм вилоят суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг янги қарорлари мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган семинар ўтказилди.
Тадбирда вилоят прокуратураси, адлия ва кадастр бошқармалари, марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармаси, мажбурий ижро бюроси, савдо-саноат палатаси, ҳакамлик суди, адвокатура ва нотариат тизими, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, тижорат банклари ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда, аввало, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3-июлдаги “Судлар томонидан фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги ишларни кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарори муҳокама қилинди.
– Қарорда фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш унинг ҳуқуқий мақоми, мулкий ҳуқуқлари ва бошқа қонуний манфаатларига бевосита таъсир кўрсатиши инобатга олинган, – дейди фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди судьяси И.Есеров. – Шу боис судлар бундай ишларни кўришда барча ҳолатларни тўлиқ, ҳар томонлама ва холисона ўрганиши, қабул қилинадиган қарорни етарли ҳамда ишончли далилларга асослаши лозим. Шахсни муомала лаёқати чекланган деб топиш учун унинг спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиши ҳамда бунинг натижасида оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётгани исботланиши шарт. Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш билан боғлиқ ишларда эса суд-психиатрия экспертизаси хулосаси муҳим далил ҳисобланади.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур қарорлар билан амалдаги айрим Пленум қарорлари кейинги йилларда қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқлаштирилди.
[gallery-31317]
Таъкидланганидек, Олий суд Пленуми қарорларида берилган тушунтиришлар қонун нормаларини судлар томонидан тўғри ва бир хилда қўллаш, ягона суд амалиётини шакллантириш, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда, шунингдек, ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Семинар очиқ мулоқот шаклида давом этди. Тижорат банклари ходимлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар вакилларининг саволларига судьялар томонидан амалдаги қонунчилик ҳамда суд амалиёти асосида батафсил жавоблар берилди
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат)
ЎзА мухбирлари