Янги Ўзбекистоннинг зукко фарзандлари
Бугун юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида янграган сўнгги қўнғироқ садолари битирувчи ёшларни ўзгача ҳаяжон ҳисси билан ҳаётдаги улкан мақсадлар сари етаклагани шубҳасиз.
Наманган шаҳридаги 6-сонли давлат ихтисослаштирилган мактабида бўлиб ўтган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида маҳаллий ҳокимликлар, мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари, депутатлар, меҳнат фахрийлари, ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбир аввалида, Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табриги катта мамнуният билан тингланди.
Билимгоҳ директори, Халқ таълими аълочиси Нигора Аҳмедованинг таъкидлашича, 6-мактабни жорий ўқув йилида 11-синфни 81 ўқувчи тамомлади. Уларнинг 18 нафари АҚШ, Туркия, Сингапур, Жанубий Корея, Россия Федерацияси каби хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиш ҳуқуқини берувчи таълим грантларини қўлга киритди. Икки нафар иқтидорли қиз мактабни имтиёзли якунлади.

Қувонарлиси шундаки, билим масканида сабоқ олаётган 41 нафар ўқувчи юқори баҳоларга эришган ҳолда, инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи миллий ва “IELTS” сертификатларига сазовор бўлди. Мактаб педагоглари ўтган ўқув йилида олийгоҳга юз фоизлик қамров натижасини жорий йилда ҳам давом эттиришни аҳд қилишган.
Тантанали тадбирда фаол, зукко ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳамда тажрибали устоз муаллимларга миннатдорлик билдирилиб, улар муносиб равишда тақдирланди.

– Бугун ҳаётимдаги унутилмас кунлардан бири. Боиси, қизим Муаттар Нарзуллаева мактабни имтиёзли равишда тамомлаб, юзимизни ёруғ қилди, – дейди Норин тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Муродулла Юнусов. – Бу ютуқ, аввало, таълим берган ўқитувчилар, қолаверса бошланғич синф педагоги саналган аёлим билан фарзандларимизни тўғри тарбияга йўналтирганимиз самараси, деб биламан. Катта қизим Наманган давлат университети инглиз тили йўналишида, кенжа ўғлим Президент мактабида ўқийди. Қайсики оилада таълим-тарбия жараёни мактаб билан биргаликда уйғун олиб борилса, биз орзу қилган Учинчи Ренессансга пойдевор қўйилиши шубҳасиз.
Маълумот ўрнида, 2024-2025 ўқув йилида Наманган вилоятидаги 716 та мактабни 35 минг 951 нафар ўқувчи битириб, мустақил ҳаётга қадам қўйди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.