Янги Ўзбекистондан нега миннатдорман?
Таназзул ва тараққиёт, уруш ва тинчлик, хотиржамлик ҳамда бошбошдоқлик ораси бир қадам.
Уларнинг ўртасидаги олтин мувозанатни сақлаш мунтазам равишдаги стратегик ислоҳотларни талаб қилади.
Айтиш ўринли, бугун Ўзбекистон атак-чечак қилиб ривожланиш босқичида эмас, у ўз имкониятларидан баландда режа тузиб, ортиғи билан бажарилиш, танқидий таҳлилий баҳоланиш даврида. Мен шу диёрнинг истиқлол йилларида туғилган, униб-ўсган, севган касбини ва ҳаётда ўз ўрнини топган фарзандиман. Журналистман. Бугун мен Янги Ўзбекистонга касбим тақозо этган масъулият ила журналист сифатида эмас, оддий фуқаро сифатида фикрларимни баён қилмоқчиман.
Сармоя барибир мева беради
Оилада 5 фарзандмиз. Отам орган ходими, доимий яхши маош эгаси бўлсалар-да фарзандларига ҳалол едириб-ичириб, қийинчилик билан вояга етказди. Бор маблағини бирин-кетин катта ҳаётга қадам қўяётган фарзандлари учун тикди. Онам эса бозорда эртаю кеч меҳнат қилиб каму кўстимизни тўлдирди. Акам, опам, мен... Доимий харажатлар манбаи эдик. Акам шунча ўқиб 5 йил деганда, опам эса ҳафсаласи пирпираб-пирпираб 10 йилда университет талабаси бўлди. Билим олиш учун харажат кўп, аммо натижа йўқ даврлар эди. Негалигини билмасдик. Улардаги кучли депрессия мени доимий қўрқувга соларди. Ўзимни ўққа-чўққа уриб, ака-опамдан ортиқроқ билим олишга интилсам-да олийгоҳдан йиқилдим. Яна курашдим. Ҳар тугул келаси уринишда шартнома асосида ўқишга кирдим. Ўша вақтларда талаба бўлиш йирик коррупцион бизнес эканлигини кейинчалик билдим.
Икки синглимни даврига келиб эса чарх “тескари” айланди. Иккаласи ҳам бир уринишда давлат гранти асосида талаба бўлди. “Мана, бўлар экан-ку” деди қариндош-уруғ. Аммо уларга “олийгоҳга кириш учун билимининг эмас, ҳамма биладиган, аммо айтишга ҳадиксирайдиган камбағал ва бойнинг рақобати” устун бўлган вақтлар ҳақида айтиш бефойда эди. Сингилларим даврига келиб “билим” талаба бўлишнинг бош меъзонига айланди.
Ўкинаман, атиги 2-3, ана олинг, етмаган 10 балл учун умрини тайёргарликларга сарфлаб, совчисининг кети узилган, “вақти”ни ўз вақтида бой берган қизлар, ҳаммасига қўл силтаб умри мардикорликда ўтаётган йигитлар балки бугун илмда катта янгиликлар қиларди, юрт тараққиётига ҳисса қўшарди.
Ҳаммада шундай бўлмаган, лекин кўпчиликда талаба бўлиб олиш катта изтироблар, руҳий қийинчиликлар эвазига эди. Бугун олийгоҳда жидди жаҳд билан ўқишни истаган борки, ўз орзусига етади.
Мен қисқа давр ичидаги янгиланиш – олий таълим муассасига киришдаги, таълим жараёнидаги адолатли ислоҳотлар учун Янги Ўзбекистондан миннатдорман.
Талабалик ғалабаси ёки ғалваси
Талаба бўлдим. Курсдош йигитлар кузнинг дастлабки икки ёки уч ойида грант ёки шартнома асосида ўқишидан қатъий назар мажбурий меҳнатга жалб қилинар, иштиёқ билан ўқишга кирган йигитнинг тўрт йиллик давридан нари-бери бир йили пахта далаларида ўтарди. Устозларимизнинг пахта мавсуми тугагунича тайинли ҳаловати бўлмаган пайтларида тарихан ва тақдиран яшадик.
Нақд пулинг бўлмаса кийим ололмайдиган, нақдлаш учун дард теккан терак япроғидай қалтираб, гўёки ноқонуний иш қилаётгандек, бозорнинг у қаторидан бу қаторигача “обмен” қилиб берадиган жойларни қидирардик. Ҳозир ҳар қадамда нақд пул қилиш имконияти бор, бошдан ўтганлари ёш йигит-қизларга маталдек туюлар, аммо бу жуда яқин ўтмишдаги гаплар.
Мен янги Ўзбекистондан унинг зиёлилари орасида мажбурий меҳнат унутилгани, постиндустриал жамият сари шаҳдам қадам ташлаётгани учун миннатдорман!
Қайтариқсиз қарз
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда бутун дунёда 1 миллиарддан ортиқ ногиронлар мавжуд. Ўзбекистонда эса аҳолининг 12-15 фоизини ногиронлик нафақасини олувчи қатлам ташкил қилади. Кимёвий маҳсулотлар ҳаётимизнинг бир бўлаги бўлган, янги турдаги касалликлар авж олган даврда яшамоқдамиз. Нуқсон билан туғилаётган болаларнинг фоизи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Уларга нафақадан ташқари бериладиган моддий ёрдамлар, жорий йилдан амалиётга татбиқ қилинган ногирон шахсга қаровчилар учун ҳам ҳар ойдаги алоҳида моддий ёрдам ҳақида эътироф этмасликнинг иложи бўлмайди.
Фарзандим тузалиб кетгунича ҳар доим ҳам яқинларим бера олмаган ёрдамни давлатдан доимий тарзда, ўз вақтида олиб турган минглаб оналар учун Янги Ўзбекистондан миннатдорман.
Касбим тақазо этган фикрлар
Келинг, ана энди буткул бошқа ракурсдан ҳам қараб кўрайлик.
Бугун раҳбарлар халқнинг хизматкорлари эканлиги бот-бот таъкидланмоқда. Ҳақ-ҳуқуқини таниган аҳоли ҳар қандай касб эгасини тўғри ишлашга ўргатмоқда, шубҳасиз, бунда сўз эркинлигининг ўрни беқиёс. Демократик давлатнинг энг муҳим жиҳати ҳам сўз ва фикрлаш эркинлигининг ҳуқуқий кафолати ҳисобланади.
Инсоннинг жисмоний ва маънавий саломатлиги учун жавобгар, хато қилиши мумкин бўлмаган икки касб эгасининг жамиятдаги ўрни юксалди, ўқитувчилардан фақатгина сифатли таълим, илмий изланиш талаб этиляпти, шифокорнинг билимлиси эса хорижга кетиб қолмаяпти.
Янги Ўзбекистон камчиликлардан холи эмас, ечимини кутаётган масалалар, муаммоси томирлаб кетган соҳалар етарли, аммо изланишлар, ўрганишлар давом этяпти, бугун раҳбарлар орасида бошини қумга тиқиб олиб, аҳоли мурожаатларига қулоғини ёпиб олган туяқушлар кам, “офисный” касб эгалари ҳам ташқи оламда қандай ҳаёт қайнаётганини бориб кўрмоқда, ўрганмоқда.
Мен Янги Ўзбекистондан инсон қадри юксалаётгани учун миннатдорман.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети таянч докторантиман. Илмий тадқиқотчи сифатида фаолиятим моддиятни унутган ҳолда мароқ билан изланиш, сифатли тадқиқот олиб боришдан иборат.
Илм заҳматини бўйнига олган инсон етишмовчиликларни ҳам елкасига олса, қадди букилиб қолади, биридан воз кечмаса бирида муваффақият қозона олмайди.
Мен Янги Ўзбекистонга илмий тадқиқотчи, педагог, икки фарзанднинг онаси ва оддий фуқаро сифатида миннатдорман.
Ирода НАСИМОВА,
ЎзЖОКУ таянч докторанти,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎзА