Янги Ўзбекистонда муқобил низони ҳал қилишга қаратилган муҳим ислоҳот сари қадам қўйилди
2026 йил 21 апрелда “Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қонун мазмун-моҳияти юзасидан юридик фанлари доктори, профессор, ҳакамлик судьяси Фозилжон Отахонов билан суҳбатлашдик.
– Янги Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш механизмларини ривожлантириш давлат ҳуқуқий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Ҳакамлик судлари фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини тезкор ва самарали ҳимоя қилишда муҳим восита сифатида шаклланиб бормоқда.

Бу институтнинг ҳуқуқий асоси Конституциямизда мустаҳкамланган бўлиб, ҳар ким ўз ҳуқуқларини қонунда тақиқланмаган усуллар билан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
– Ҳакамлик судларининг ҳуқуқий пойдевори қайси қонун билан яратилган?
– 2006 йилда қабул қилинган «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонун мазкур институтнинг ҳуқуқий асосини яратди. Унда ҳакамлик судларининг мақоми, фаолият принциплари, ҳакамлик муҳокамаси тартиби, ҳакамлик битими ва ҳакамлик судьяларига қўйиладиган талаблар аниқ белгиланган. Мазкур қонун ҳакамлик судларини нодавлат тузилма сифатида шакллантириш ва иқтисодий низоларни муқобил ҳал қилиш механизмини жорий этишда муҳим аҳамият касб этди.
– Кейинги йилларда мазкур соҳада қандай муаммолар кузатилди?
– Амалиёт таҳлиллари айрим ҳолатларда ҳакамлик судлари ваколатларидан қонунга зид тарзда фойдаланилганини кўрсатди. Хусусан, давлат иштирокидаги ташкилотлар билан боғлиқ низоларнинг ҳакамлик судларида кўриб чиқилиши, давлат харидлари билан боғлиқ шартномалар юзасидан низолар ҳал қилиниши ҳолатлари аниқланди.
Бу эса солиқ тўловчилар манфаатларига салбий таъсир кўрсатди. Шунингдек, ваколатли судлар томонидан ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорларини бекор қилиш ҳолатлари ҳам сезиларли ошди. Масалан, 2020 йилда иқтисодий судлар томонидан 7 та ҳакамлик қарори бекор қилинган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 391 тага етди.
– Демак, шу каби муаммоларни ҳал қилиш мақсадида янги қонун қабул қилинди. Шундайми?
– Янги қонун айнан шу муаммоларни бартараф этишга қаратилган. Мақсад ҳакамлик судлари фаолиятини халқаро стандартларга мослаштириш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ва бюджет интизомини кучайтиришдан иборат.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 175-9 - модда билан тўлдирилди. Унга кўра, ҳакамлик судларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳакамлик битими тарафлари сифатида иштирок этиши, шунингдек мазкур субъектлар томонидан ҳакамлик суди қарорларининг қонунга хилоф равишда ихтиёрий ижро этилиши учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилди.
Ушбу ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима қўлланилиши белгиланди.
Мазкур норма ҳакамлик судлари фаолиятида қонунийлик ва интизомни мустаҳкамлаш, давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади
– Айнан «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонунга қандай ўзгаришлар киритилди?
– Аввало, қонунчиликда ҳакамлик судларининг ҳуқуқий мақоми аниқлаштирилди. Хусусан, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг низоми уни ташкил этган нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан тасдиқланадиган локал ҳужжат сифатида белгиланди.
Шу билан бирга, қонундаги «юридик шахс» атамаси «нодавлат нотижорат ташкилоти» атамасига, «нодавлат орган» атамаси эса «нодавлат тузилма» атамасига алмаштирилди.
Бу ўзгаришлар ҳакамлик судларининг институционал мақомини янада аниқ белгилашга хизмат қилади.
Давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳакамлик судларини ташкил этиши ёки ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмаслиги мустаҳкамланди.
Бу норма ҳакамлик муҳокамасини асосан хусусий-ҳуқуқий муносабатлар доирасида сақлаш ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Яна бир муҳим янгилик – доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судларини ташкил этиш тартиби аниқлаштирилди. Энди бундай судлар фақат нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ташкил этилади.
Бунда, ҳакамлик суди қоидаларини ва камида уч нафар ҳакамлик судьясидан иборат рўйхатни тасдиқлаш талаби жорий этилди ҳамда суд ташкил этилгани ҳақидаги ҳужжатларни тегишли адлия органига юбориш мажбурияти белгиланди.
Қонун билан ҳакамлик судларининг ваколат доирасига ҳам муҳим чекловлар киритилди. Жумладан, маъмурий, оилавий ва меҳнат муносабатларидан келиб чиқувчи низолар, ер билан боғлиқ ишлар, бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилашга оид низолар, шунингдек бюджет тизими маблағларини ундириш билан боғлиқ ишлар ҳакамлик судлари томонидан кўриб чиқилмаслиги белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, ҳакамлик судьяларининг касбий тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилди. Энди улар Адлия вазирлиги тасдиқлайдиган махсус дастур асосида ўқув курсларидан ўтиши ва ўз малакасини мунтазам ошириб бориши шарт ҳисобланади. Бу ҳакамлик муҳокамаси сифати ва ҳал қилув қарорларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Қонун манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган муҳим нормалар билан ҳам тўлдирилди. Хусусан, муайян ҳакамлик муҳокамасида ҳакамлик судьяси сифатида иштирок этган шахс кейинчалик шу иш бўйича тарафларнинг вакили сифатида қатнашиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби ҳам кенгайтирилди. Энди ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида қарор қабул қилинган, аммо ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар ҳам ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраб ваколатли судга мурожаат қилиши мумкин. Бу процессуал адолат ва суд ҳимояси кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳакамлик суди қарорларини ихтиёрий ижро этишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги норма жорий этилди. Бу давлат маблағлари ва давлат манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан қўшимча ҳимоя қилишга қаратилган муҳим кафолат ҳисобланади.
– Бюджет интизомини кучайтириш бўйича қандай чоралар кўрилди?
– Бюджет кодексига киритилган ўзгартиришлар давлат молиявий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Энди бюджет маблағларини ундириш билан боғлиқ суд ишларида ваколатли молия ва ғазначилик органлари мажбурий тартибда иштирок этади. Шунингдек, ғазначиликда рўйхатдан ўтмаган шартномалар асосида товар ва хизматларни қабул қилиш тақиқланди.
Давлат харидлари соҳасида ҳам муҳим ўзгариш бўлди. Давлат харидлари бўйича шартномаларни тегишли ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказиш талаби янада кучайтирилди.
– Процессуал кодексларга киритилган ўзгаришлар, умуман, мазкур йўналишдаги ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?
– Фуқаролик ва иқтисодий процессуал кодексларга киритилган ўзгаришлар суд ҳимояси кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади. Масалан, ҳакамлик муҳокамасида иштирок этган судья кейинчалик шу ишда вакил бўлиши мумкин эмаслиги белгилангани манфаатлар тўқнашувининг олдини олади.
Ишда иштирок этмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилган шахсларга ҳам ҳакамлик суди қарорлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилди. Бу процессуал адолатни таъминлаш нуқтаи назаридан жуда муҳим.
Мазкур қонун ҳакамлик судлари институтини ривожлантириш ва уни замонавий талабларга мослаштиришда муҳим босқич бўлди.
Қонун Конституцияда белгиланган ҳуқуқий кафолатларни амалиётда таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат молиявий манфаатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу жиҳатдан, қонунни Янги Ўзбекистонда муқобил низоларни ҳал қилиш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим ислоҳот сифатида баҳолаш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун 2026 йил 24 июлдан кучга киради.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди