Янги Ўзбекистонда болалар тиббиёти ривожи
Янги Ўзбекистонда болалар тиббиётини тубдан ислоҳ қилиш, она ва бола саломатлигини асраш – давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири.
Болалар тиббиётини ташкил этишда жаҳонда бир нечта илғор моделлар мавжуд. Мисол учун, Скандинавия давлатлари (Швеция, Финляндия) ва Буюк Британияда асосий урғу профилактика ва эрта скрининг тизимига қаратилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, гўдаклар ўртасидаги касалликларни дастлабки босқичда аниқлаш келгусидаги ногиронлик хавфини 70 фоизгача камайтиради. Германия ва Жанубий Корея каби давлатларда эса педиатрия соҳасида юқори технологияли ва ихтисослаштирилган 4-даражали тиббий марказлар тармоғи муваффақиятли ишлайди. Ушбу тажриба шуни кўрсатадики, бирламчи тиббий бўғин (оилавий шифокорлар) ва тор доирадаги юқори технологик марказлар ўртасидаги узвийлик энг юқори самарани беради.
Мамлакатимизда кейинги йилларда айнан мана шу илғор халқаро тажриба миллий менталитет ва эҳтиёжларга мослаштирилган ҳолда ҳаётга татбиқ этилмоқда. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатида Ўзбекистонда 0–14 ёшдаги болалар сони 11 миллион 630 минг 879 нафарни ташкил этди. Бу рақам юртимиз аҳолисининг қарийб учдан бир қисми айнан ўсиб келаётган авлод эканини ва болалар тиббиёти соҳаси давлат учун нақадар улкан стратегик аҳамиятга эга эканлигини яққол кўрсатади. Мана шундай катта қамровдаги ўғил-қизларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун юртимизда болаларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ва кўп босқичли тизими яратилди.
Энг қуйи тизимда 2300 дан зиёд оилавий поликлиника, 209 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 13,3 мингта ўринга эга 200 дан зиёд педиатрия ҳамда 9 та республика муассасалари тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Миллий профилактик эмлаш календари доирасида болаларнинг 13 турдаги юқумли касалликларга қарши мунтазам эмланиши эса юртимизда кўплаб хавфли эпидемияларнинг олдини олишда бош омил бўлмоқда. Шунингдек, барча шаҳар ва туманларда энг замонавий даволаш-диагностика ускуналари билан жиҳозланган туғуруқ мажмуалари тармоғи яратилди. Болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва 13 та ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидан иборат ягона тузилма йўлга қўйилгани тизимнинг яхлитлигини таъминлади.
Ўзбекистон педиатрияси бугун дунё тиббиёти билан бўйлаша оладиган даражага етди. Бунинг ёрқин исботи сифатида, юртимизда тиббий салоҳияти ва техник имконияти жиҳатдан ноёб ҳисобланган Болалар миллий тиббиёт марказининг биринчилардан бўлиб халқаро даражадаги JCI (Joint Commission International) сертификатини олганини кўрсатиш мумкин. Бу — марказда кўрсатилаётган тиббий хизматлар дунёнинг энг ривожланган давлатлари клиникалари билан бир хил стандартда эканидан далолат беради. Бугун ушбу муассасада болаларда буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш (трансплантация) каби энг мураккаб, илгари хорижда катта маблағ эвазига қилинадиган амалиётлар муваффақиятли бажарилмоқда. Президентимиз қарори билан ушбу марказнинг Оролбўйи минтақаси касалликлари бўйича тиббиёт клиникаси ташкил этилгани эса экологик жиҳатдан ноқулай ҳудуддаги болалар саломатлиги давлатнинг алоҳида эътиборида эканини кўрсатади.
Глобал педиатриянинг энг катта муаммоларидан бири — генетик ва орфан (кам учрайдиган) касалликларга ўз вақтида ташхис қўйишдир. Республика ихтисослаштирилган педиатрия маркази қошидаги молекуляр-генетик лабораторияда чақалоқларда орфан касалликларини эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувлари бу муаммога қарши миллий ечимимиздир. Айни пайтда эшитиш қобилиятида нуқсон бўлган беморларда кохлеар имплантация, юз нервининг пластик микрохирургик операцияси, янги туғилган гўдакларда аудио-скрининг, рақамли эшитиш мосламалари ёрдамида реабилитация тадбирлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, 2026 йилда 600 минг нафардан ортиқ болани эшитишга скрининг қилиш ва 3 мингдан ортиқ ўғил-қизларда чуқурлаштирилган текширувлар ўтказиш белгиланган. Кохлеар имплантация дастурига мувофиқ, жорий йилда эшитиш нуқсони бўлган болаларда 500 дан ортиқ операция ўтказиш кўзда тутилган бўлса, юртимизда илк бор муковисцидозни замонавий нишонли даволаш (CFTR-модулятор) тизими йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан давлатимиз раҳбарининг алоҳида қарори қабул қилиниб, унга кўра, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада давлат ҳисобидан жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётгани юртимизда "Инсон қадри учун" тамойилининг амалдаги яна бир гўзал исботи бўлди.
Тезкор ўзгараётган дунёда болалар тиббиётини ривожлантириш, соҳага инновацияларни олиб кириш ва ҳар бир боланинг сифатли тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш эртанги соғлом жамият гаровидир. Ўзбекистонда бу борада ташланган қадамлар эса тизимли хусусиятга эга бўлиб, яқин келажакда ўз меваларини бериши, шубҳасиз.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА