Янги Ўзбекистон ёшлари парвозга шай
Тошкент, Хива, Нукус ва Наманган шаҳарларидаги Президент мактабларининг 96 нафар битирувчиси катта ҳаётга қадам қўйди.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳридаги Президент мактабига барча вилоятлардаги Президент мактабларининг илк битирувчилари таклиф қилиниб, уларга тантанали тарзда аттестатлар топширилди, иқтидорли ўқувчилар фахрий ёрлиқ ҳамда сертификатлар билан тақдирланди.
ЎзА мухбири тадбирда қатнашиб, айрим иштирокчиларнинг таассуротлари билан қизиқди.
Стив Кинг, “Kambridge assessment” ташкилоти бош маслаҳатчиси:

– 2019 йилдан буён таълим олаётган ўқувчиларни Ўзбекистоннинг янги тарихини яратувчи ёшлар, дея оламиз. Улар илк маротаба халқаро Камбридге имтиҳонларини топширишди. Глобал пандемия таъсирига қарамасдан, ушбу имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишди. Уларнинг машаққатли меҳнати натижасини бугун кўплаб халқаро таълим ташкилотларидан тушаётган таклифлардан ҳам кўришимиз мумкин. Мамлакат ривожи кўп жиҳатдан истеъдодли болаларни танлаш, уларга тўғри йўналиш бериш, қобилиятини ўстириш, интеллектуал салоҳиятини намоён қилишга кўмак бера оладиган таълим тизимини яратишга боғлиқ.
Зулфия Усмонова, Тошкент шаҳридаги Президент мактаби битирувчиси:

– Президент мактабига ўқишга киришимдан аввал умумтаълим мактабида таҳсил олганман. Бу мактабда ўқиш чоғида икки мактаб ўртасида катта фарқни ҳис қилдим. Менимча, асосий фарқли жиҳатлардан бири, илмга чанқоқ, сиз билан рақобатлаша оладиган синфдошларнинг мавжудлиги. Чунки умумтаълим мактабларида ўқувчилар бор эътиборини ўқишга, илм олишга қаратишмайди. Президент мактабида эса ўқувчиларнинг асосий эътибори, мақсади фақат билим олишга қаратилган. Шунингдек, бу мактабда чет эллик ўқитувчилар ҳам дарс беради. Президент мактабига кирганимдан сўнг дунёқарашим ўзгарди, ўзимга бўлган ишонч ортиб, қўлимдан кўп нарса кела олишига ишондим. Мактабда ўқиш давримда синфдошларим билан гуруҳ ташкил қилиб, имконияти чекланган аҳоли вакиллари учун “Имконият” номли илова яратдик. Бу мобиль илова орқали, имконияти чекланган фуқаролар ўзларига керакли тавсияларни, турли танлов ва акциялар ҳақида маълумот олиши мумкин. Синовда юқори балл олган бўлсам-да, чет эл олий ўқув юртларини танламадим. Мамлакатимиздаги ОТМлардан бирида ўқиб, келажакда юртимизда таълим-тарбия ривожланишига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Нурбек Йўлдошев, Нукус шаҳридаги Президент мактаби битирувчиси:

– Бугун мен учун унутилмас кун. Сабаби, нуфузли Президент мактабининг илк битирувчиларидан бириман. Бугун барчамиз бир ерга жам бўлдик, биз учун махсус тантанали кеча ташкил қилинди. Ўтган икки йиллик ўқиш жараёни жуда қизиқ ва синовларга бой тарзда ўтди. Энг асосийси, бу мактаблардан халқаро таълим талабларига жавоб бера оладиган ўқувчилар етишиб чиқди. Мен бу мактабда ўқиганимдан фахрланаман. Ҳозир 12 та халқаро олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиндим. Булардан бир қанчаси Топ-500 таликка киради. Аризона университети, Аригон штати университети шулар жумласидандир. Келажакда Аризона университетининг иқтисод йўналишида таҳсил олмоқчиман. Мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишига ўз ҳиссамни қўшиб, янада тараққий этишига кўмаклашаман.
Барчиной Ибодуллаева, Хива шаҳридаги Президент мактаби битирувчиси:

– Бу мактабга киришимдан аввал Хива шаҳридаги 17- сонли айрим фанлар чуқурлаштирилиб ўргатиладиган мактабда таҳсил олганман. У ерда олган билимларим бу мактабда ўқишимда катта кўмак берди. Президент мактабида яратилган имкониятлар чексиз. Биз бу мактабда Кембридж таълим тизимида таҳсил оламиз ва СТЕМ фанлардан чет эллик мутахассислар дарс беришади. Дарсларнинг аксарият қисми инглиз тилида олиб борилади. Мактабда илм-фанга ташна ёшлар жамланиб, яхши муҳит шаклланган. Битта синфда 12 та ўқувчининг ўқиши ҳам ўқитувчиларнинг ҳар биримиз билан индивидуал шуғулланишига имкон беради. Мактабда ўқиш давримда пойтахтимиздаги “Akfa Medline” университети томонидан математика фанидан ўтказилган олимпиадада ғолибликни қўлга киритиб, муддатидан аввал ушбу университетга талабаликка қабул қилиндим. Бошқа синфдошларимдан фарқли равишда халқаро университетларни эмас, мамлакатимиздаги олийгоҳлардан бирини танлаб, етук шифокор бўлмоқчиман. Келажакда ўз касбим орқали муваффақиятларга эришсам ва халқимга ўз фойдам тегса, кимнингдир дардини енгиллаштиришга ўз ҳиссамни қўша олсам, мен ўз мақсадимга етган бўламан.
Тадбир якунида битирувчилар учун маданий-маърифий кўнгилочар дастурлар ва мусиқий кеча ташкил қилинди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА