Янги Ўзбекистон – янги имконият мамлакати
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Алишер Қодировнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Илҳом Ражабов Ғозғон шаҳрида сайловчилар билан учрашди.
Тадбирда ЎзМТДП вилоят, шаҳар кенгаши ходимлари, маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда сайловда илк бор иштирок этадиган ёшлар қатнашди.
Шаҳардаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган учрашувда ишончли вакил йиғилиш иштирокчиларини дастлаб Президентликка номзод Алишер Қодировнинг таржимаи ҳоли ва Сайловолди дастури билан таништирди.
Таъкидланганидек, номзоднинг сайловолди дастури 5 та асосий йўналиш, жумладан, Тарбия ва таълим, Давлат бошқаруви, Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, Ижтимоий адолат, қадриятларга ҳурмат ва фуқаро эркинликларини таъминлаш, Ташқи сиёсат соҳасини қамраб олган.
Жорий йилги сайловда партия ўз ғояларини ҳаётга изчил татбиқ этган ҳолда фаол иштирок этмоқда.

Номзод “Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради” шиори остида аҳолининг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш, таълим-тарбия узлуксизлигини таъминлаш, миллий урф-одатлар ва қадриятларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш каби эзгу мақсадларни устувор билади.
Алишер Қодиров вилоятга ташрифи чоғида сайловчилари билан учрашувида “Бугун Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти билан эркин мулоқотга кириша бошлади. Илгари бизни тан олишмас эди. Чунки, очиқ ва демократик давлат эмас, деб ҳисоблашган. Эҳтимол, ҳақ бўлишгандир. Лекин бугунги Ўзбекистон охирги йилларда шаффоф, очиқ, ҳақиқий маънода демократик давлатга айланди. Бугун амалга оширилаётган иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар Ўзбекистонни ортга қайтмас ўзгариш йўлига кирганлигини англатмоқда”, деб таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, бугун Янги Ўзбекистон янги имкониятлар қаршисида турибди. Ўтган беш йил мамлакатимиз учун ҳақиқатдан ҳам ривожланиш, тараққиёт даври бўлди.
Учрашувда ишончли вакил барчани мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи жараён бўлган Президент сайловида фаол иштирок этишга ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзод Алишер Қодировни якдиллик билан қўллаб-қувватлашга чақирди.
Янги Ўзбекистоннинг янги шаҳри Ғозғонда бўлиб ўтган учрашув давомида Президентликка номзоднинг ўз Сайловолди дастури бўйича чиқиши акс этган видеолавҳа ҳам намойиш этилди.

Тадбирда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Абдували Бўриев, ЎзА