Янги Ўзбекистон тараққиётининг стратегик дастури
Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси Янги Ўзбекистон тараққиётида муҳим дастурий ҳужжатлардан бири бўлиб, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли стратегик йўналишларни белгилаб берди.
Мурожаатнома нафақат давлат бошқаруви органлари, балки жамиятнинг барча қатлами вакиллари учун дастуруламал вазифасини ўтайди.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада ўтган йилларда амалга оширилган ислоҳотларни сарҳисоб қилиш билан бирга, жорий йилнинг номланиши ва амалга ошириладиган устувор вазифалар ҳақида кенг тўхталди.

Мамлакатимизда ўтган 9 йилда амалга оширилган ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлаш, халқ билан мулоқот қилиш ва ислоҳотлар самарасини ҳар бир хонадон ҳис этишига эришиш бош мақсад этиб белгиланган. Ана шу мақсад йўлида юртимизда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Хусусан, иқтисодиёт, энергетика, сув таъминоти, илм-фан, спорт ва аҳолини камбағалликдан чиқариш йўналишларида катта ютуқларга эришилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинганлиги Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беради.
Бугунги глобаллашув шароитида ҳар бир давлат ўз олдига аниқ мақсадлар қўйиб, тараққиётнинг самарали йўлини танлаши муҳим аҳамият касб этади. Президент Мурожаатномасида айнан шундай ёндашув намоён бўлиб, унда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси асосий устувор тамойил сифатида илгари сурилди. Ислоҳотларнинг марказида инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш ва адолатли жамият қуриш масалалари туриши алоҳида таъкидланди.
Мурожаатномада иқтисодий соҳани ривожлантириш масалаларига кенг ўрин берилди. Хусусан, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш, саноатни модернизация қилиш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим вазифалар сифатида белгиланди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг мустаҳкам пойдеворини шакллантиради.
Ижтимоий соҳа Мурожаатноманинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Таълим ва тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ёшларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантириш масалалари давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида белгиланди. Замонавий мактаблар қуриш, олий таълим қамровини кенгайтириш, илм-фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш орқали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш Янги Ўзбекистон тараққиётини янада юқори босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг турмуш сифатини ошириш масалалари Мурожаатноманинг муҳим жиҳатларидан бири бўлди.
Президент Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Адолатли ва очиқ суд тизими, давлат органларининг халқ олдидаги масъулияти Янги Ўзбекистоннинг демократик тараққиётини белгиловчи асосий омиллардан биридир.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик муаммоларга эътибор қаратиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш ҳам Мурожаатноманинг долзарб йўналишлари қаторидан ўрин олди. Бу эса келажак авлодлар олдидаги масъулиятимизни англаш ва барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Мурожаатномаси Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Унда белгиланган мақсад ва вазифалар халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизни кучли, демократик ва ривожланган давлатга айлантиришга қаратилган. Ушбу тарихий ҳужжат жамиятимизда бирдамлик ва келажакка бўлган қатъий ишончни мустаҳкамлаб, ҳар бир фуқарони юрт равнақи йўлида фаол бўлишга ундайди.
Нигорахон Қашқабоева,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари.
ЎзА