“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”га старт берилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Спорт вазирликлари, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси раҳбарияти, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари, спорт федерациялари мутасаддилари ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган спортчи-талабалар иштирок этди.
[gallery-29820]
Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илк бор ташкил этилаётган мазкур олимпиада талаба-ёшларнинг спорт соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний тарбия ва спортга қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, мусобақа иқтидорли спортчи-талабаларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда талабалар спортини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Кўтаринки руҳ ва байрамона муҳитда ўтган очилиш маросими театрлаштирилган саҳна кўринишлари, бадиий чиқишлар ҳамда концерт дастури билан давом этди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА