Янги Ўзбекистон стратегияси: хавфсиз турар жойдан барқарор тараққиёт сари
Муносабат
ХХI аср – глобал трансформациялар, юксак технологиялар ҳамда мисли кўрилмаган демографик ва экологик синовлар даври сифатида инсоният тарихидан мустаҳкам жой олмоқда. Бугун жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг улкан ва долзарб саволлардан бири оддий, аммо ҳаётийдир: биз эртага қандай шаҳарларда яшаймиз, уйимиз, маҳалламиз ва келажак авлодларимиз улғаядиган муҳит ҳақиқатан ҳам хавфсиз бўладими?
Мана шу ҳаётий саволларга жавоб излаш, глобал муаммоларнинг ечимларини биргаликда топиш мақсадида Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳоли пунктлари бўйича дастури шафелигида Бутунжаҳон урбанизация форумининг ўн учинчи сессияси бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли анжуманнинг кун тартиби, унда иштирок этган давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда ривожланиш институтлари вакиллари бу муаммонинг нақадар глобал аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу форумда шахсан иштирок этиши ва унда илгари сурган концептуал ташаббуслари нафақат мамлакатимиз, балки бутун жаҳон ҳамжамияти диққат марказида бўлди.
Бу галги форумнинг бош мавзуси “Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар” деб номлангани бежиз эмас. Бу шунчаки чиройли шиор эмас, балки бугунги дунёнинг энг оғриқли, энг долзарб нуқтасидир. Халқ вакили, қонунчи сифатида давлатимиз раҳбарининг Боку минбаридан туриб сўзлаган нутқи, ундаги ҳар бир рақам, ҳар бир факт замирида инсон тақдири, унинг қадр-қиммати ва тинч яшаш ҳуқуқи ётганини чуқур ҳис қилдим. Форум кун тартибидан шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини замонавий ва арзон уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳити сифатини ошириш, иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда уй-жойни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш каби стратегик масалалар ўрин олган.
Халқаро экспертлар таҳлилларига кўра, йигирма биринчи аср ўрталарига бориб, сайёрамиз аҳолисининг қарийб етмиш фоизи шаҳарларда истиқомат қилади. Аммо бугунги реаллик кишини қаттиқ хавотирга солади. Урбанизация жараёни ўзи билан бирга қатор ижтимоий муаммоларни ҳам кучайтириб бормоқда. Бугун дунёда қарийб уч миллиард инсон бирламчи яшаш шароитларидан маҳрум бўлиб яшамоқда. Уларнинг бир миллиарддан зиёди норасмий турар жойлар ва харобаларда кун кечираётган бўлса, уч юз миллиондан ортиқ одам умуман бошпанага эга эмас. Иқлим ўзгаришлари, таҳликали халқаро вазият ва иқтисодий инқирозлар глобал миграциянинг янги тўлқинларини пайдо қилиб, давлатлар ва шаҳарлар ўртасида аҳолининг қайта тақсимланишига олиб келмоқда. Оддий қилиб айтганда, урбанизация жараёнлари глобал барқарорлик ва хавфсизликка тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи жиддий омилга айланмоқда. Буларнинг барчаси ҳаммамиздан қатъий ва кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришни талаб қилмоқда.
Шаҳарларни барқарор ривожлантириш масаласи Янги Ўзбекистон учун ҳам стратегик аҳамиятга эга. Яқин ўн беш йил ичида мамлакатимиз аҳолиси ўттиз саккиз миллиондан эллик миллион нафарга, урбанизация даражаси эса эллик бир фоиздан олтмиш беш фоизга етиши кутилмоқда. Биз буни ҳудудларимизни мутаносиб ривожлантириш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш учун ноёб имконият деб ҳисоблаймиз. Шу мақсадда Ўзбекистонда охирги ўн йилда қурилаётган уй-жойларнинг йиллик сони ўн баробар ошиб, ўтган йили икки юз ўттиз саккиз мингта хонадонга етди. Икки минг ўттизинчи йилда ушбу рақамни яна бир ярим баробар оширишни мақсад қилганмиз.
Аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш дастурларига ҳар йили бюджетдан қарийб икки миллиард доллар маблағ ажратилмоқда. Норасмий турар жойлар муаммосини ҳал қилиш учун алоҳида қонун қабул қилиниб, юз мингга яқин уйга ҳужжат расмийлаштириб берилди. Шунингдек, эскирган уй-жойларни янгилаш мақсадида реновация ҳисобига қуриладиган хонадонлар улушини ўн беш фоиздан олтмиш фоизга етказиш режа қилиб олинди.
Ушбу жараёнларни самарали бошқариш ва тизимли изчилликни таъминлаш мақсадида мамлакатимизда Урбанизация миллий қўмитаси ташкил этилди. Бундан ташқари, “Яшил макон” ва “Тоза ҳаво” миллий дастурлари доирасида шаҳарларда яшиллик даражасини 2030 йилгача ўттиз фоизга етказиш маррасини олганмиз. Бу эса келажак авлодларимизнинг тоза атроф-муҳитда улғайиши учун энг катта кафолатдир. Энг муҳими, шаҳарларни ободонлаштириш ва аҳоли турмуш тарзини яхшилашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши бўйича анъанавий тузилма – маҳалла институтига кенг таянамиз. Маҳалла тизими орқали биз ҳар бир хонадонга, ҳар бир фуқаронинг юрагига кириб боряпмиз, уларнинг ижтимоий эҳтиёжларини тинглаяпмиз ва муаммоларига жойида ечим топяпмиз.
Икки миллион аҳолига мўлжалланган “Янги Тошкент” мегалойиҳаси биз амалга ошираётган урбанизация стратегиясининг яққол, жонли намунасидир. Ушбу лойиҳада замонавий шаҳарсозликнинг энг илғор ечимлари яшил, ақлли, хавфсиз ҳамда ўн беш дақиқали шаҳар тамойиллари тўлиқ ҳисобга олинган.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз нутқида урбанизация ва шаҳарсозлик соҳасида халқаро ҳамжамият эътиборига лойиқ бўлган бешта муҳим ва тизимли ташаббусни илгари сурди.
Биринчидан, барча ҳудудларда аҳоли учун тенг яшаш шароитларини яратиш кичик ва ўрта шаҳарларни уйғун ривожлантиришни талаб қилмоқда. Шу сабабли ҳамкор давлатларни шаҳарларни ривожлантиришда мутаносиб урбанизация тамойилини кенг жорий этишга чақирди. Иккинчидан, шаҳар бошқарувида сунъий интеллект ва рақамли трансформация имкониятларидан барча давлатлар тенг фойдалана олиши зарур. Ушбу соҳада технология, стандартлар ва тажрибаларни тизимли алмашишга қаратилган халқаро “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни тузишни таклиф қилди. Учинчидан, ёшлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини сифатли ҳамда арзон уй-жойлар билан таъминлаш жуда муҳимлигини инобатга олиб, келгуси йилда Самарқанд шаҳрида уй-жой қурилишига молия ва инвестицияларни жалб этишдаги янгича ёндашувлар юзасидан халқаро форум ўтказишга тайёр эканимизни билдирди.
Тўртинчидан, глобал иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда “яшил шаҳарлар”ни барпо этишнинг умумий тамойиллари ва стандартларини қабул қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шаҳарларнинг табиат билан уйғун ривожланишини рағбатлантириш мақсадида БМТ-Ҳабитатнинг “Яшил шаҳар” халқаро мукофотини таъсис этиш таклиф қилинди. Бешинчидан, урбанизация даражасининг ўсиши шаҳарлардаги ўзини ўзи бошқаришнинг анъанавий тузилмалари ролини янада оширмоқда. Шу муносабат билан, Бутунжаҳон урбанизация форумининг ўн бешинчи сессиясини 2030 йилда Янги Тошкент шаҳрида ўтказишни ва унинг бош мавзусини “Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни” деб номлашни таклиф этди. Бу таклиф бизнинг миллий қадриятимизни жаҳон саҳнасига олиб чиқишдаги улуғвор қадамдир.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур форум доирасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар биз, парламент аъзолари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Белгилаб берилган мақсадларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, яшил ва ақлли шаҳарлар концепциясини қонунчилик даражасида қўллаб-қувватлаш энг бирламчи вазифамиздир.
Зеро, урбанизация – шунчаки тош ва бетондан иборат шаҳарлар қуриш дегани эмас. Урбанизация – бу инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаро учун муносиб яшаш шароитини яратиш, хавфсиз ва фаровон келажак пойдеворини қўйишдир. Боку форумида жаҳон аҳли яна бир бор гувоҳ бўлди: Янги Ўзбекистон – нафақат ўз аҳолиси, балки бутун инсониятнинг барқарор ва хавфсиз келажаги учун дадил ғоялар ва амалий ечимлар тақдим эта оладиган глобал куч ва етакчи давлатдир.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА